Хорижликлар учун янги виза тоифалари жорий этилди

06.01.2019 | Ўзбекистон | 2404

Ўзбекистон хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун кириш визалари тоифаларини беришни жорий этади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Vatandosh — келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлганлар ва уларнинг оила аъзолари учун икки йиллик виза. Уларнинг Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланган ва мамлакат ҳудудида доимий яшовчи қариндошлари таклифномаси бўлганда берилади.

Student visa — Ўзбекистон ҳудудидаги таълим муассасаларида таҳсил олувчи хорижлик талабалар учун бир йиллик виза. Ўзбекистон таълим муассасалари, таркибида таълим муассасалари бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар илтимосномаси бўйича расмийлаштирилади.

Academic visa — Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва ўқитувчилик фаолиятини олиб боришни истаган чет эллик шахслар учун уч ойдан икки йилгача муддатга берилади. Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий-тадқиқот ташкилотлари, ОТМлар, вазирлик ёки идоралар илтимосномаси бўйича берилади.

Medical visa — даволаш-профилактика муассасаси таклифномаси бўйича Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келувчи чет эл фуқаролари учун уч ойгача муддатга берилади.

Pilgrim visa — туристик фаолият субъекти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита аризаси бўйича Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, диний-маърифий мероси ва қадриятларини ўрганиш учун ташриф буюрувчи чет эл фуқароларига икки ойгача муддатга бериладиган зиёрат визаси.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонга кириши тақиқланган бўлса, виза бериш рад этилиши мумкин.

Мазкур визалар электрон бўлмайди.