Андижонда нуфузли хорижий университетнинг филиали очилади

16.01.2019 | Илм-фан | 2710

Айни кунларда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигидаги Андижон вилоят делегацияси Ҳиндистон давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди. Вилоят делегациясининг Ҳиндистондаги сафари доирасида Шарда университети билан ҳамкорлик меморандиуми имзоланди. Унга кўра, Андижонда ушбу университетнинг филиалини ташкил этиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиладиган бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Бир неча ой аввал Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган Шарда университети президенти, профессор Прадип Кумар Гупта раҳбарлигидаги ҳиндистонлик мутахассислар Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб, ҳар икки олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида қўшма клиника ҳамда Андижонда Шарда университетининг филиалини ташкил этишга келишилган эди.

Шарда университети Ҳиндистондаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда университетда дунёнинг 60 яқин мамлакатидан 20 минг нафардан зиёд талаба тиббиёт, санъатшунослик, муҳандислик, қурилиш ва архитектура, менежмент ва бошқарув сингари қатор йўналишларда таҳсил олади.