Туризм қўмитаси ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар ҳақидаги банд бўйича изоҳ берди

25.01.2019 | Ўзбекистон | 3418

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси янги таҳрирдаги меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича намунавий қоидалар лойиҳасига киритилган ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги банд юзасидан изоҳ берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон президентининг 5 январдаги қарорида Ўзбекистонда меҳмонхона хизматлари жисмоний шахсларнинг яшаш жойи (пропискаси), фуқаролиги, қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек шахсий ҳаётга оид ҳуқуқларни чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар тақдим этиш мажбурийлиги белгиланган эди.

Бироқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган буйруғи лойиҳасида меҳмонхоналарга мижозларга ахлоқсиз хатти-ҳаракатларни содир этишда асосли гумонлар бўлган тақдирда, меҳмонхона хизматларини кўрсатишни рад этиш ҳуқуқини беришни кўзда тутувчи банд киритилди. Ўз навбатида, ушбу банд ОАВ ва жамоатчилик вакиллари томонидан танқид остига олинди.

«Биз ушбу банднинг матни устида яна иш олиб бориш талаб этаётганини тушунамиз ва шу сабабдан ҳужжат лойиҳаси юзасидан таклифларни тўплаш учун жамоатчилик муҳокамасига қўйилди», — дейилади хабарда.