Москвада террорчиликда айбланган 11 нафар ўзбек узоқ йилларга қамалди

25.01.2019 | Жаҳон | 2979

Москва округ ҳарбий суди 24 январь куни Ўзбекистоннинг уч фуқаросини террорчилик ҳаракатларини режалаштирганликда айбдор деб топди.

«Московская Газета»нинг судга таяниб хабар беришича, ўзбекистонликлар билан бирга яна 8 нафар қирғизистонлик ўзбек, жами 11 одам 6 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари Б.Маҳмудов, Ф. Қодиров, Ш. Исроилжонов, Қирғизистон фуқаролари М. Воҳидов, Д. Воҳидов, И. Расулиллаев, Т. Мирзажанов, Ш. Умаров, У. Фахриддин, Р.Тўрақулов, Ш. Эсонбоев Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси (Террор ҳаракати)да айбланиб 2016 йилнинг ноябрида қўлга олинган эди.

Терговнинг иддао қилишича, судланувчиларнинг барчаси «ИШИД» гуруҳининг аъзолари бўлган. Улар Москвада ва Санкт-Петербургда ўқотар қурол ва портловчи модда ишлатиб террор ҳаракатларини содир этишни режалаштирганлар.

2016 йилнинг декабрида эса Москва ва Москва вилоятида ФСБ ўтказган кенг кўламли амалиётда 25 нафар марказий осиёлик қўлга олиниб, улардан 12 нафар ўзбекистонлик ва қирғизистонликка “Ҳизбу-ут-Таҳрир” ташкилоти ҳалқасини тузиш бўйича айблов билдирилган.

2017 йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида 10 киши қурбон бўлган, 37 киши жароҳатланган террор ҳаракатига алоқадорликда гумонланиб яна бир қатор ўзбеклар қўлга олинди.

Жумладан, россиялик терговчилар томонидан Қирғизистонда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовлар қўлга олиниб, уларга терроризм ва қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинди.

Қўлга олинганларнинг ҳимоячилари жиноят ишлари сохталаштирилгани тўғрисида айтиб келадилар.