Россия Федерал божхона хизмати​ Ўзбекистонда ваколатхона очмоқчи

25.01.2019 | Ўзбекистон | 2372

Россия Федерал божхона хизмати Ўзбекистонда ваколатхона очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Федерал божхона хизмати матбуот хизмати маълум қилмоқда.

“Аниқ саналар ҳақида айтилмаяпти. Биринчи навбатда томонлар вакиллар иш фаолияти учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини шакллаштириш зарур бўлади. Биринчи босқичда тўлиқ ваколатхона очмасдан, Федерал божхона хизмати вакилларини Ўзбекистонга жўнатишни режалаштирмоқдамиз. Параллел равишда ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ваколатхона очиш бўйича битим лойиҳасини бўйича иш олиб борамиз”, - деб маълум қилишди Федерал божхона хизматида.

Матбуот хизмати хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин фармойишига асосан Федерал божхона хизматининг мутахассислари шу йил ўзида Ўзбекистонга юборилиши мумкин.

Ваколатхонани очиб бўйича битим лойиҳасини тайёрлаш учун 2-3 йил кетиши мумкин.

Ўтган куни Россия Федерал хизмати раисининг биринчи ўринбосари Руслан Давидов матбуот анжуманда дунёнинг 20 та мамлакатда ваколатхона мавжудлиги ва келгусида учта давлатда, хусусан Нидерландия, Ўзбекистон ва Озарбайжонда очишни режалаштирилганлигини  маълум қилди.