Олтин танга нархи бирдан 300 минг сўмга ошди, Марказий банк сабабини тушунтирди

31.01.2019 | Иқтисод | 2781

Марказий банк расмийлари эсдалик тангалар нархи охирги вақтларда нега ошиб бораётгани сабабини тушунтиришди.

Ҳафта бошида бир дона олтин танга нархи 13 миллион 700 минг сўм, бир дона кумуш танга нархи 265 минг сўм этиб белгиланган эди.

Олтин танганинг ушбу ҳафтадаги нархи ўтган ҳафтага нисбатан бирданига 300 минг сўмга юқорилади. Кумуш танга 10 минг сўмга ошди.

"Тангалар нархи янгиланиши жаҳон бозорида олтин нархи ўзгариши ҳисобига рўй беради. Ҳозир дунё бозорида олтин нархи ошиб бораяпти ва бу олтин тангалар нархига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Банк учун шундай бўлгани яхши", - деди МБ Пул-кредит сиёсати департаменти директори Беҳзод Ҳамраев.

Эслатиб ўтамиз, аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни муомалага чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширмоқда.

2018 йил 28 ноябрдан бошлаб эсдалик тангаларини тижорат банкларининг айрим филиалларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкин. Сотувга жами 1900 дона олтин ҳамда 6900 дона кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, тангаларнинг қолдиқлари бўйича қуйида, эсдалик тангаларининг сотиш ва қайтариб харид қилиш шохобчалари манзиллари ҳақида эса қуйида маълумот берилган.

Сотувга 1994-2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ҳамда оғирлиги 31,1 граммдан иборат. Тангаларни чет элга чиқариб кетиш юзасидан чекловлар йўқ. Асиллик сертификати асосида бемалол четга олиб чиқиб кетиш мумкин.