Андижонда 5 ёшли қизчанинг ўлимида айбланаётган шахс қўлга олинди

01.02.2019 | Жамият | 3052

28 январь куни Андижон вилояти Пахтаобод туманида беш ёшли қизчанинг жасади топилди. Унинг қўшниси М.И. қотилликда айбланиб қўлга олинди, дея хабар қилди Газета.uz нашри

Тергов жараёнида маълум бўлишича, ҳодиса душанба куни тахминан 14:00 атрофида содир бўлган. Содир этилган жиноятни яшириш мақсадида М.И. қизчанинг оёқ кийимларини ҳожатхонага ташлаб юборади, унинг жасадини эса синтетик қопга жойлаштириб, яшаш хонасидаги пол остига кўмиб қўяди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 28 январь куни Пахтабод тумани прокурори томонидан М.И.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида ушланган.

Жиноят иши бўйича 30 январь куни М.И.га Ўзбекистон ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в, ж, з» бандлари билан айблов эълон қилиниб, шу куни унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда, терговнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.