Овқат ҳазм қилишни яхшилаш учун фойдали тавсиялар

01.02.2019 | Тиббиёт | 2803

Саломатликка алоқадор муаммоларнинг кўпчилиги ҳазм қилишдаги муаммолардан келиб чиқади. Нотўғри овқатланиш туфайли инсон организмига фойдали озиқ моддалар жуда кам миқдорда тушади. Шу туфайли, овқат ҳазм қилиш жараёни нормал кечиши, шунингдек, бутун организм учун ҳам тўғри овқатланиш керак.

Овқат ҳазм қилишни яхшилаш учун қуйидаги маслаҳатларга қулоқ тутинг:

Шошмасдан тановвул қилинг. Овқатни яхшилаб чайнаш керак:  ҳазм қилиш оғиз бўшлиғида бошланади. Яхшилаб чайнаш орқали ошқозон ва ичак ишини анча енгиллаштирган бўласиз.

Катта тишламанг. Овқатни катта-катта тишлаб, тез-тез еганда, ҳазм қилиш тизимига овқат билан бирга ҳаво ҳам киради, натижада ошқозонда оғирлик, оғриқ пайдо бўлади.

Кўпроқ суюқлик ичинг. Ичак фаолиятини енгиллаштириш ва қабзиятлар олдини олиш учун кунига камида 8—9 стакан сув ичинг. Меъда ширасини суюлтирмаслик ва ҳазм қилувчи ферментларни ювиб юбормаслик учун, суюқликни овқат қабул қилишдан ярим соат аввал ичиш тавсия этилади.

Ўта қайноқ ёки ўта совуқ нарса еманг. Гап шундаки, ошқозонда овқатни ҳазм қилиш жараёни овқатнинг ҳарорати одам танаси ҳарорати билан бир хил бўлсагина бошланади.

Мунтазам равишда овқатланинг. Ҳазм қилиш тизимига ортиқча оғирлик туширмаслик учун кун давомида асосий овқатланиш пайтидан олдин тамадди қилиб олмаслик керак. Шунингдек, ҳар куни бир хил вақтда овқатланиш маслаҳат берилади, шунда организмда ишлай бошлаш вақти бўйича одат шаклланади.

Тўғри овқатланинг. Овқат ҳазм қилиши яхши бўлиши учун тез тайёр бўладиган озиқ-овқатлардан (fast food) воз кечиш керак. Эрталаб ҳали уйғониб улгурмаган организмга оғирлик туширмаслик ва бутун кун учун энергия тўплаб олиш мақсадида енгил, лекин калорияли овқат ейиш керак. Оғирроқ таомлар тушликка мос тушади, бироқ кечки овқатга бундай таомлар ейиш ва тўйиб овқатланиш ҳеч ҳам мумкин эмас.

Қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилинг. Қатиқда ичак фаолиятини нормаллаштирувчи фойдали бактериялар бўлади. Бундан ташқари, қатиқ моддалар алмашинуви жараёнини яхшилайди, ҳазм қилиш органларининг шиллиқ қатламини шакллантиради, заҳарли моддаларни чиқариб ташлайди.