Самарқандда жамоат жойида сигарета чекканлар 115 миллион сўмдан ортиқроқ жарима тўлади

07.02.2019 | Жамият | 3258

Жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилгани Самарқандда қарийб икки минг киши жаримага тортилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайти орқали маълумот берилди.

— Вилоят миқёсида биргина январь ойида белгиланмаган жамоат жойларида тамаки маҳсулоти истеъмол қилгани учун 1875 нафар кишига жарима қўлланилди, — дейди ИИБ ҲООБ бўлим бошлиғи Дилмурод Қурбонов. — Қоидабузарлар жами 115 миллион сўмдан ортиқроқ жарима тўлаган.

Эслатиб ўтамиз, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга чекловлар «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонун (26.08.2011 йил) билан мустаҳкамланган.

2016 йилдан бошлаб, жамоат жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун жарима миқдори энг кам иш ҳақининг бирдан уч қисмигача бўлган маблағни ташкил этади.

Шунингдек, жамоат жойларида алкоголли маҳсулотлар истеъмол қилганлик учун анча жиддий жазо кўзда тутилган. МЖтКнинг 187-моддасига мувофиқ ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима суммаси энг кам иш ҳақининг 50 фоизини ташкил қилади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда жарима суммаси энг кам иш ҳақининг бирдан 2 бараварига ёки 15 суткагача маъмурий қамоқни ташкил қилади. Маъмурий ундирув қўллангандан кейин бир йил мобайнида содир этилса, у такрорий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Кўрсатилган чораларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш МЖтКнинг 248-моддасига мувофиқ ички ишлар органларига юклатилади.