Oлий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартиби ўзгарди

08.02.2019 | Илм-фан | 5888

2019 йилдан бошлаб барча олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.

Ҳозирда Давлат хизматлари агентлиги томонидан ваколатли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда Ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши билан бир қаторда зарурий чоралар ҳам кўрилиб борилмоқда.

Эндиликда абитуриентлар давлат хизматлари марказлари орқали республикадаги исталган олий таълим муассасасига ўзининг туманидан чиқмасдан туриб ҳужжат топшириши мумкин бўлади. Қолаверса, ушбу амалиётни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда ҳам амалга ошириш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Давлат хизматлари агентлиги томонидан тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат тест маркази ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда абитуриентлардан ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни 201 та туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган ДХМ орқали қабул қилиш амалиёти жорий этилди.