Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Телевидениеда юз берган фантастик мажлис” (Хаёлий ҳикоянинг якуни)
11.02.2019 09:22,  
62

(давоми, боши мазкур ҳаволада)

Муаллиф сўзбошиси:

2016 йилнинг ёзи эди... Мамлакат ҳаётида бироз ўтиб юз берган ўзгаришлар ҳали олдинда эди. Хаёлимга бир фантастик манзара келди. Уни қоғозга тушира бошладим. Мазкур манзара, аслида, кўнгил тубида ўрнашган бир орзу эди, “қачонлардир юз беради” – деган орзу. Бир кун келиб, телевидениемиз ислоҳ бўлади, зулматга эмас, одамларга хизмат қилади, деган орзу. Мана ўша хаёлий воқеа.

(иккинчи қисм)

Техника ҳали етишолмаган даражадаги бундай трансляциянинг томошабинларига айланган аҳли телевидение қалбини хавотир босди. Ҳозиргина бутун умрлари бўйлаб қилган ажиб сафарларини хонанинг димлигига йўйишга улгурган телевидениечилар энди бундай нарсага дуч келиб турган эдилар.

Оқ парда кўтарилган заҳоти уларнинг кўз олдида бозор манзараси очилди...

***

Тиқилинч, шовқин. Расталарни ёнлаб ўтаётган бозорчилар. Баъзи бир, шаклий ўзгаришларни ҳисобга олмаганда, кўп асрлардан буён инсоният ўрганиб қолган оддий манзара – бозор!

Аммо бу кун телевидениечилар кўз ўнгида очилган бозор кўриниши... ўзгача эди!

Ҳа, оддий бозор манзараси ўта ажиб, инсон кўзи ҳали кўрмаган тафсилотлар ила билан бойиган эди. Қаранг-ки, азиз ўқувчи, икки асрдан бери энг номдор физик олимлар бош қотириб келаётган, аммо ечимини тополмаётган – ПАРАЛЛЕЛ ДУНЁ деган нарса бу куни телевидениечилар кўз ўнгида “манаман!” деб, қад ростлаб турган эди! Сиз-у биз одамлар истиқомат қилаётганимиз уч ўлчамли дунёдан ташқари – ўзга ўлчамдаги бу дунё бугун телевидениечилар кўз ўнгида негадир бутун икир-чикирлари билан ошкор бўлиб турган эди.

Ушбу кўп ўлчамда намоён бўлган бозор манзарасининг кўриниши ўта ажиб бўлиб, маъно-ю мазмуни жиҳатидан эса... қалбни ларзага келтирадиган эди. Негалигини билмоқчи бўлсангиз, давомини ўқинг.

***

Одатда шундоқ ҳам гавжум бўладиган бозор энди янада гавжум эди. Зеро сотувчи ва харидор энди бозорнинг танҳо қаҳрамонлари эмас эдилар – ўзга ўлчам вакиллари бу даргоҳнинг ҳар бурчагини тўлдириб, ҳар жиҳатдан бу ернинг хўжайини эканликлари билиниб турар эди.

Бироқ бу куни ўзга ўлчам аҳлининг иши ишкал эди – улар Мамлакат телевидениеси ходимлари томонидан кузатилаётганликларидан бехабар қолишган эди! Шу боис одатий ишлари билан машғул бўлиб, қинғир ишларни дунёга достон этиш бўйича масъулларнинг кўз ўнгида фош бўлаётган эдилар.

Инсонлар уларни кўра олмасликларини, улар эса инсонлар дунёсини кўра билишларини, ҳамда пинҳона таъсир эта олишларини суиистеъмол қилароқ, ушбу ноинсоф ўзга ўлчам вакиллари сотувчи-ю харидор аҳлини нуқул йўлдан урар эдилар. Синчковлик ила уларни кузатишар ва ҳолатга қараб “керакли” гапларни қулоқларига шипшир эдилар. Қайсики, бозор аҳли иғволарига учиб, уятли иш содир этсалар, шодланишар, бир-бирларига кўз қисиб, дум ўйнатиб қўяр эдилар.

Ушбу жойда, азиз ўқувчи, манзаранинг яна бир мудҳиш тафсилотини айтай Сизга. Гап шундаки, кўп ўлчамли ушбу манзара ўзининг яна бир тафсилоти ила янада аянчли эди. Ўзга ўлчамликларнинг гапига кириб, номаъқул ишларни содир этаётган бозор аҳлининг ботинида бўлаётган ўзгариш ҳам... кўриниб турар эди! Э-воҳ! Сизга буни кўриш насиб этмасин, азиз ўқувчи!

Ёлғон ишлатиб топилган қўшимча пул чўнтакка киргани заҳоти, ўша чўнтакдан ўта кўримсиз бир нарса чиқиб, чўнтак эгасининг қалбига ёпишар эди! Ҳар гал тарозидан урилганда эса тарози остидан шундай бир хунук нарса чиқиб, савдогарнинг қалбига бориб ёпишар эди-ки, ушбу – қалб деб аталмиш гавҳарни шундай қаро қилар эди-ки, буни кўрган телевидениечиларнинг жўр бўлиб “оҳ!” деган нидолари Мамлакат телевидениеси мажлислар саройини ларзага келтирди!

Шу онда кўзни қопловчи ҳалиги оқ парда яна – қайтадан кўриниш бериб, аҳли телевидение кўзини қоплади.

***

У кўтарилгач эса, телевидениечилар ўзларини яна мажлислар саройида кўришди. Минбарда эса, бўлаётган ажойиботлардан бехабар бўлган янги Президент ўз нутқини тўхтатиб, телевидениечиларнинг ногаҳон янграган “оҳ”ларидан таажжубда турар эди. Уни нимага йўйишни билмасдан, сўзида давом этди:

–Мана кўрдингизми, азизлар, бозорларимизда нималар бўлаётганини!

Буни айтгандан кейин Президент сўзини яна тўхтатиб, хўрсиниш ила чуқур нафас олиб, давом этди:

–Энди эса, ҳурматли телевидение ходимлари, бунинг сабабларини ожизона бир таҳлил қилиб кўрайлик. Аксар ҳолларда бунинг сабаби – билмаслик – илмсизликдир. Тарозидан уриб қолаётган юртдошимизга унинг бу қилмиши натижасида руҳи не аҳволга тушишини унга биров яхшилаб тушунтирганми ўзи?! Нотўғри ишлар воситасида топилган молни болаларига обориб едирганда қандай фожеали манзара юз беришини биров тушунтирдими? Ҳолатни яхши тушуниш учун келинг, яна тасаввур этайлик.

Ушбу лаҳзада зал аҳли яна ўзга манзарага кўчиш қилишди.

***

Бу сафар уларнинг кўз ўнгида савдо соҳасида жавлон ураётган бир фуқаронинг бутун умри... намоён бўлди.

Нурли манзара. Ҳовлида қум ўйнаб ўтирган гўдак, унинг кўкракчаси ичида эса... мурғак қалби... кўриниб турарди. Э воҳ, азиз ўқувчи! Ҳали дунёни англамаган, тоза экинзорга ўхшаган нозик, мусаффо қалби... кўриниб турар эди!

Ушбу манзара оддий манзара эмасди – у гўё гапирар эди! Манзара бу кичкина, тоза қалбга эзгулик, тўғрилик, ростгўйлик уруғлари экилмоғи лозимлиги тўғрисида сўзлаб турарди. Бу болачага яхши-ю ёмонни, ҳалол-у ҳаромни, савоб нима-ю гуноҳ нималигини – ҳамма-ҳаммаси танитмоқ даркорлигини, унинг ҳали кичкина руҳини парвариш этмоқ кераклигини сўзлаб турарди. Бу болага қалбини тоза сақламоқ йўлларини ўргатмоқ, умри бўйи уни – қалбини – бутун сақламоғи лозимлигини айтиш кераклигини сўзларди! Ҳайқирган манзара эди бу!

Аммо телевидениечилар кўз ўнгида бирин-кетин ўтган бу гўдакнинг кейинги умри манзараси... ўзгача бўлди. Ҳа, ўзгача бўлди! На ота-онаси, на атроф муҳит, на жамият – ҳеч бири бу болага ёлғон гапириш арзимас бир иш эмаслигини тушунтирмади. Балки ёлғон гапириш аслида дунёни бузиш эканлигини, дунёда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ бўлиб, ёлғон гапирган киши бутун дунёнинг ҳақиқатига, дунёнинг саломатлигига ҳамла қилишини, шунинг учун ҳам ёлғон катта гуноҳ деб аталганини тушунтирмади.

Тарозидан урганда кишининг қалби не ҳолга тушишини, ёлғонни ишлатиб топилган фойда қандай нарсага айланиб, бориб, қалбга ёпишишини ҳеч ким тушунтирмади.

Бу болачанинг умри манзаралари телевиденичиларни жунбушга келтирди!

Зеро бутун бошли жамият бир гўдак руҳи саломатлигини таъминлай олмаганини, ўсиб улғайгани сайин унинг қалби ачинарли ҳолга келишини кўриш – мудҳиш кўриниш эди!

“Нега ҳеч ким қарамади!” – деб юборди шу топда Марказий телевидениенинг Маънавият бўйича масъули.

(учинчи қисм)

Маънавият бўйича масъулнинг гапида жон бор эди – ҳеч ким қарамади. Телевидениечиларнинг кўз ўнгида тозагина, шаффоф қалб абгор ҳолатга тушиб, ўзидан ёмон тўлқинларни фазога тарқатиб турарди.

–“Нега!? Нега ҳеч ким эътибор бермади!? Жамият қани, телевидение қани!?” – деб юборди Маънавият бўйича масъул қўшимчасига. Масъулнинг овозида ачиниш, эътироз, ўкинч ва исён қоришиб кетган эди. ПАРДА ОРТИ унга ва барча ҳамкасбларига ўзгача таъсир этган эди.

Оқ парда кўзларни яна қоплади.

***

Парда кўтарилди.

Кўзлар жиққа ёш эди.

Маънавият масъулининг сўзлари баланд овозда айтилгани учун Президент сўзини тўхтатиб, унга – масъулга қараб турар эди. Аҳли телевидение ўзини яна мажлислар саройида кўрди. У ёқ-бу ёққа қараб, кўзларини икки қўллаб артишга тушишди.

–Айни мен айтмоқчи бўлган сўзларни айтдингиз, жаноб! Қани оқил жамият, қани телевидение? Нега, нега оддий ҳақиқатларни одамларга етказмаймиз!? Нега!?– деди Президент.

Бу сўзлардан кейин булутча ичидаги махлуқчанинг тепа юнги устидан тутун чиқа бошлади. Кўзлари эса ола-була бўлиб, тинимсиз, доира шаклида айлана бошлади.

–Нега бизнинг дастимиздан Коинот ларзага келиши керак? Ахир инсон қалби бутун олам билан боғланган бўлиб, дунёни турғизиб турган қонуниятларни инсон бузганда у – Коинот – ларзага келади-ку! Бу ҳақда бизда билим – таълимот бор-ку! Бу таълимотни инсониятга талқин қилиб берганларнинг бир қанчаси мана шу заминда ётибди-ку!

Келинг, тасаввур этишда давом этамиз – деди Президент.

***

Бу сафар савдо соҳаси ходимининг эмас, жамият ичида тартибни сақлашга масъул бўлган – ҳуқуқ-тартибот соҳаси биргина ходимининг ҳаёти бошидан охиригача намоён бўлди. Яна ўша нурли манзара, болача, унинг кўкрагида ярақлаб, кўзни қамаштириб турган кичкина тоза қалби.

Бу бола телевидение ходимларининг кўз ўнгида улғайди. Кейин уни 10 минг доллар бериб ўқишга киргизишди.

Шу онда яна бир ажойибот юз берди – нафақат қалби, балки боланинг онги ҳам ажиб кўриниш олиб телевидениечилар кўзига кўриниб қолди.

Пора бериб ўқишга кирганда унинг қалби қорамтирлашди, онги эса кўримсиз, номутаносиб, алкаш-чулкаш бир нарсага ўхшаб қолди. Жамиятнинг тинч-тотувлигини, қонунийликни ҳимоя қилишдек буюк касбни эгаллаш учун пора берилгани унинг шундоқ ҳам чалкашликлардан азият чекиб келаётган онгини баттар чалкаштириб, калаванинг учи топилмайдиган ҳолга келтириб қўйди.

Кейин у ўз касби бўйича ишга кирди. Ва у ерда касбининг мақсад-моҳиятига мутлақо зид келувчи ишларнинг “гулдастаси”га дуч келди. Нафақат дуч келди, балки ўзи уларни қилишга киришиб кетди. У ишлаётган идора шуни тақозо қиларди.

Беайб одамларни ҳимоя этиш ўрнига уларни хўрлаш, кучлиларнинг манфаати учун кучсизларни азоблаш, бойларнинг “закази” билан камбағалларни қамаш – бу қилмишлар қаҳрамонимизнинг қалбини батамом қорайтирди, онги эса телевидение ходимларининг кўз ўнгида изоҳлаб бўлмас даражада хунук нарсага айланди.

Кейин у лавозимда кўтарилди. Минглаб одамлар унинг буйруқларига бўйсунадиган бўлди. Қорин қўйди, невара кўрди. Қалби эса...

Қалби эса ўзидан нур таратиш тугул, унга нур кирадиган бирон-бир тешик қолмади. Қилган гуноҳлари қалбига ёпишиб, уни бир бўлак кўмирга ўхшаган, бус-бутунича қора, ўлик нарсага айлантириб қўйди. Инсон қадри у учун энди ҳеч нарса бўлмай қолди. У энди битта қўнғироқ билан яхши ишларга барҳам берар, ёмон ишларга эса йўл очиб берарди.

Қувонч уни тарк этганига анча бўлган эди. Хотини ташлаб кетди. Фарзандлари ноқобил чиқди – унинг фақат пуллари керак эди уларга. Бир ўғли наркоман бўлиб қолди.

Кейин қариди. Олдида ҳеч ким қолмади. Ўзи билан ўзи танҳо, гуноҳлари билан яккама-якка қолди. Кўкрагида ҳосил бўлган бўшлиқдан ўзини қўярга жой тополмасди.

Унинг ёнида эса тубсиз қоронғу жар турарди. Аммо у бу жарни кўрмасди.

***

Жарни телевидение ходимлари кўрди. Жар эса уларга қаради...

***

Телевидениечиларнинг ҳайқириғидан Президент яна сўзидан тўхтаб, нима бўлаётганини тушунмай турар эди. Зал аҳли яна залга қайтишди. Бироқ ҳалиги қоронғу тубсизликнинг бир лаҳзалик нигоҳи уларни карахт қилганди – ўзларига келишолмаган эди.

–Эътибор беринг, ҳурматли телевидение ходимлари! Биз ҳар биримиз ўз ўрнимизда қилишимиз керак бўлган ишларни қилсак, нима бўлади? Бу ахир осон – шунчаки ўз ишимизни ҳалол, қандай бўлиши керак бўлса, шундай қилсак, виждонимизнинг оғзини ёпмасдан, балки унга қулоқ тутиб.

Президентнинг бу сўзларидан телевидениечилар секин ўзларига кела бошлашди.

Шу пайтгача қилиб юрган фаолиятлари энди уларга ўта кўримсиз, ҳатто жиноят бўлиб кўринди. Қалбларида буюк ўзгаришлар кеча бошлади ва бу ўзгаришларнинг тўлқини таъсир этиб онглари ҳам ўзгара бошлади. Бу худди Коинотда тортишиш кучи ўзгариб қолганда бўладиган ўзгаришга ўхшаб кетарди – осмон жисмлари бир-бирига урилганидек телевидениечиларнинг онгида тушунчалар тўқнашиб, тўғриси нотўғрисини чилпарчин қиларди.

Парда ортида кўрилган манзаралар шу қадар мудҳиш, у ердаги тақдирлар шу қадар аянчли, тақдирларга нисбатан бефарқлик шу даражада улкан эдики, аҳли телевидениенинг ҳар бири“энди ўз ишимни тўғри қиламан” деб ўз-ўзига сўз бера бошлади. Ташқаридан қараганда ажиб манзара эди – юзларига қон юришган, кўзларига маъно кирган, ботинида ўз-ўзи билан гаплашаётган телевидениечиларга, улар билан содир бўлган ажиб трансформацияни кўриб Президент ҳайратда турар эди.

Марказий телевидениенинг катта мажлислар зали узра муаллақ осилиб турган, фақат синчков кўз кўра оладиган булутча ичидаги юнгли махлуқнинг эса ҳоли ўзгача эди – кўзларига қон тўлиб, эсини йўқотгани ҳолда чалқанча ётар, оғзидан кўпик чиқиб турар эди.

(фото интернетдан)

Муҳаммад Шакур

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан