Ўзбекистонда барча брендлар янги тартибда хатловдан ўтказилади

11.02.2019 | Тиббиёт | 4523

Ўзбекистонда 2019 йил 1 мартдан бошлаб барча товар белгилари янги тартибда рўйхатдан ўтказила бошлайди. Бу ҳақида президентнинг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорида айтиб ўтилган.

Янги қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги фаолияти қониқарсиз деб топилиб, у Адлия вазирлиги тизимига ўтказилади.

Ундан ташқари, 2019 йилнинг 1 июлига қадар республикада рўйхатдан ўтказилган барча товар белгиларини хатловдан ўтказиб, қонун талаблари бузилган ҳолда берилган товар белгиларининг гувоҳномалари бекор қилинади.

Учинчидан 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб интеллектуал мулкни рўйхатга олишда янги тартиб ўрнатилади. Унга мувофиқ:

  • товар ёки хизмат кўрсатиш белгилари, талабномалар топширилгандан сўнг 1 иш кунида Агентлик расмий веб-сайтига жойлаштиради;
  • товар белгилари расмий веб-сайтига жойлаштирилиб, давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб вужудга келади;
  • товар белгиси республика ҳудудида сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз равишда фойдаланилмаганда ёки манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида, муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

Интеллектуал мулк янги маълумотлар базаси ишлаб чиқилади.

Президент ҳузуридаги “Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги” билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар интеллектуал мулк объектларининг ягона ва доимий янгиланиб борадиган интеграциялашган маълумотлар базасини ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Интеллектуал мулнкнинг янги базаси қуйидагиларни таъминлаши керак бўлади:  

  • ҳуқуқий ҳимоя олган ва ундан маҳрум бўлган интеллектуал мулк объектларини реал вақт режимида кузатиб бориш;
  • интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий ҳимоя олган ва ундан маҳрум бўлганда уларни автоматик равишда тегишлича Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш ва чиқариш;
  • интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олишда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш.

Ундан ташқари, президент қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги зиммасига, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш халқаро индекси мезонларини инобатга олган ҳолда, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясига доир чора тадбирлар ишлаб чиқиши топширилган.

Молия ҳамда Инвестициялар вазирликлари 2020 йил 1 январдан кучга кирадиган патент божлари ва тўловларини, шунингдек, норезидентлардан товар белгиси ва саноат намунасининг ҳуқуқий муҳофазасини бериш учун ундириладиган индивидуал бож ставкаларини босқичма-босқич камайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши керак.

Интеллектуал мулк ҳақидаги қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.