Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тадбиркор-ҳоким феномени: манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари қачон ишлаб чиқилади?
12.02.2019 00:34,  
414

Давлат хизматчилари – мансабдор шахслар давлат бошқарувида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳрига машҳур тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳоким этиб тайинлади ва бу билан ташаббускорлик ва ишбилармонлик мансабдор шахслар учунмуҳим ҳислат эканини ҳам англатди. Бироқ охирги пайтларда тадбиркор-ҳоким имиджига путур етмоқда. Энг қизиғи бунга қонучиликни оддий қоидаларини билмаслик ва менсимаслик сабаб бўлмоқда.

Тошкент ҳокимивасенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Акфа компанияси акцияларига эгалик қилиши, бироқ уни бошқаришни бошқа инсонларга топширгани ҳақида маълум қилгани кўпчиликда турли хил фикрларни уйғотди. Кимдир буни нормал ҳолат сифатида қабул қилган бўлса, кимлардир манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга олиб келувчи ғайриқонунийҳолат сифатида баҳолади.Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бунга нима дейди? Ҳоким айни вақтда акциядор бўлиши қонунгамувофиқми? Унда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш қандай бўлади?Қуйида мазкур саволларга ойдинлик киритамиз.

Манфаатлар тўқнашуви нима?

Ўзбекистон бозор муносабатларида манфаатлар тўқнашуви бугунгача у қадар жиддий муҳокама қилинган мавзулардан бири эмас. Натижада қонунчиликдаманфаатлар тўқнашувига оид нормалар ҳам тўлиқ ишлаб чиқилмаган, бу соҳада ҳуқуқни қўллаш (суд) амалиёти ҳам шаклланмаган дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига (Қонун) кўра манфаатлар тўқнашуви бу шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир. Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак. Демак, Қонун Тошкент шаҳар ҳокими фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тақиқлайди.

Бу қонундан ташқари, ҳокимнинг фаолиятидаги манфаатлар тўқнашувига оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори билан ҳам тартибга солинади. Қарорнинг қуйидаги қоидалари алоҳида аҳамиятга молик:

  • эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Одоб-ахлоқ қоидалари давлат органлари ходимларининг (кейинги ўринларда давлат хизматчилари деб аталади) касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидаларини ифодалайди.
  • давлат органлари Одоб-аҳлоқ қоидаларидан келиб чиқиб ўз одоб-аҳлоқ қоидаларини тасдиқлаб, ушбу органлар одоб-аҳлоқ қоидалари мазкур намунавий одоб-ахлоқ қоидалари талабларига зид бўлиши ёки улардан паст даражадаги талабларни назарда тутиши мумкин эмаслиги белгиланган;
  • Одоб-ахлоқ қоидаларимажбурий бўлиб, унинг қоидалари бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқача жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб ҳисобланиши мумкин.

Юқоридаги қонун ва қоидалар мазмунидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мазкур одоб-ахлоқ қоидалари Тошкент шаҳар ҳокими учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Манфаатлар тўқнашуви эса давлат хизматчисининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади. Демак, Тошкент шаҳар ҳокими (ҳозирда Президент қарори билан эксперимент тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимига катта ваколатлар берилгани ҳисобга олинса) ваколатига кирувчи бир неча ҳолатларда (ер участкаси ажратиш), тендерлар, инвесторларга бино-иншоотлар бериш ва ҳоказо) ҳокимлик ваколати ва ўзи акция ва улушларига эгалик қиладиган компаниялари тимсолидаги шахсий манфаатлари юзасидан манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлиги кўриниб турибди.

Ташкент Cитй мисолида манфаатлар тўқнашуви борми?

Ташкент Cитй халқаро бизнес маркази (ХБМ) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт мехмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ташкил этилган. Унинг дирекцияси давлат унитар корхонаси (ДУК) шаклида тузилган бўлиб, Ж. Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрига ҳоким бўлишидан олдин ушбу дирекция раҳбари бўлган.

ДУК дирекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида эканлигини назарда тутсак, Ж.Ортиқхўжаевнинг мазкур давлат корхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятидаёқ манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган дейиш мумкин. Тошкент шаҳар ҳокими сифатидаги фаолиятида эса унга тегишли компаниялар акция ва улушларга эга бўлиб туришини инобатга олган ҳолда, корхоналарни ким бошқаришидан қатъий назар, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқаради.

Давлат хизматчиси – ҳокимнинг шахсий манфаатлари унинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади. Демак, Ж.Ортиқхўжаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими сифатида фаолиятида бир неча ҳолатларда ҳокимлик ваколати ва ўзи акция ва улушларига эгалик қиладиган компаниялари тимсолидаги шахсий манфаатлари юзасидан манфаатлар тўқнашуви мавжуд.

Манфаатлар тўқнашуви хавфи бўлганда қандай чоралар кўрилиши керак?

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев ўз вазифасидан кетиши ёки акция ва улашларидан воз кечиши шарт, дегани эмас. Зеротадбиркорлар кўплаб мамлакатларда юқори давлат лавозимларида фаолият юритадилар. Бунда ғайриқонунийҳолат йўқ. Бироқ манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун аниқ механизм бўлиши ва у ишлаши керак. Ҳоким интервьюсида шундай механизм ҳақида тушунтириши, масалан, ўз компанияларига алоқадор масалаларда ҳоким сифатидаги қарорларини қандай ҳал қилаётганини, бу механизм (агар бўлса) унга манфаатлар тўқнашувини бартараф этаётганини айтиши керак эди. Ҳеч бўлмаса шу бўйича иш олиб борилаётганини айтиб, ўзини оқлаш имкони бор эди.

Лекин, ундай бўлмади. Вазият чигаллашиб янгича қарашга эга тадбиркор-ҳоким имиджи барбод булаёзди. Негадир интервьюда ҳоким «ўз компанияларимни шунча ривожлантириб, энди нега ундан воз кечишим керак?» қабилида жавоб берди. Ваҳоланки, давлат хизматчиси акция ва улушлардан воз кечиши шарт эмас, балки манфаатлар тўқнашувига йўл қўймайдиган ечим ишлаб чиқиш керак эди холос (Давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади, лекин акция ва улушларга эгалик қилиш тадбиркорлик фаолияти эмас).

Бундан ташқари, Қонунга мувофиқ, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органи ходими ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Шунингдек, Одоб-ахлоқ қоидаларида ҳам бундай ҳолатда ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши кераклиги айтилган. Шу сабабли ҳам Ж. Ортиқхўжаев ўз интервьюсида унинг бир нечта компаниялар акция ва улушлари эгаси эканлигидан давлат раҳбарининг хабари борлигини таъкидлаган. Бироқ Қонун ва қоидалар аслида ҳар бир манфаатлар тўқнашуви ҳолати юзасидан раҳбарни хабардор қилишни назарда тутади. Қонунга кўра манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши керак. Бироқ, бу ҳолатда Ж. Ортиқхўжаевнинг ҳокимлик фаолияти ва бизнеси билан боғлиқ манфаатлар тўқнашувида айнан қайси манфаатлар тўқнашуви бўйича раҳбарга маълумот берилганлиги, раҳбар томонидан эса манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича чора кўрилганлиги номаълум. Кўрилган бўлса у эълон қилиниши керак эди.

Афсуски, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ёки бартараф этиш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқилмаган. Шунга қарамай, Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, у вужудга келганда Ж. Ортиқхўжаевнинг ҳоким сифатидаги қарорига ушбу тўқнашув таъсирини истисно қилувчи ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқиши лозим эди. Ҳокимият ишлаб чиқмаган тақдирда эса бу жараённи Адлия вазирлиги ёки Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро Комиссияси бундай ҳолатни мониторинг қилиб, тегишли чоралар кўришлари керак эди.

Манфаатлар тўқнашувига тегишли қоидаларни ишлаб чиқиш учун ким масъул?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ўзбекистон республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли қарори билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган ва Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Давлат органларида манфаатлар тўқнашувнини мониторинг қилиш, аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг (комиссия) асосий вазифаларидан, деб айтиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли қарори билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланган бўлиб, дастурнинг 27-бандида давлат органлари ходимларининг манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланган. Ушбу таклифлар тайёрланиш муддати 2018 йил 1 апрел деб кўрсатилган ва чора-тадбирларга масъул этиб Идоралараро комиссия (И. Абдуллаев), Бош прокуратура (У. Суннатов),Адлия вазирлиги (Н. Жўраев),Меҳнат вазирлиги (Б. Низомов) кўрсатилган. Бироқ, давлат органлари ходимларининг манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича қандай таклифлар тайёрлангани ва нима чоралар кўрилгани маълум эмас.

Хулоса ўрнида

Тадбиркорларнинг давлат хизматида ишлаши, юқорида таъкидлаганимиздек, салбий ҳолат эмас, аксинча жиҳати бор. Фақатгина муносиб ҳуқуқий асос яратилиб, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини истисно қилувчи ҳуқуқий механизм яратилиши талаб этилади. Юқорида келтирилган эҳтимолликларнинг ўзи қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви деб баҳоланиб унда ҳокимнинг ўз компаниялари манфаатида ҳаракат қилмаслиги чоралари кўрилиши керак. Бундай чорани кўриш механизми Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилиб, кейин оммага эълон қилиниши тўғри бўлади.

Ваколатли давлат органлари ушбу ҳолатни инобатга олиб тегишли норматив ҳужжатларни такомиллаштириши, Тошкент шаҳар ҳокими эса манфаатлар тўқнашуви вазиятларида Ж. Ортиқхўжаев таъсирини истисно қилишни назарда тутувчи тегишли чораларни кўриши керак.

Убайдулла Хўжаев, адвокат

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан