Хорижда уяли алоқага қанча пул сарфлашади?

12.02.2019 | Блог | 5098

Мобил алоқа ҳаётимизнинг мазмунига айланиб улгурди. Интернет бўлса, унинг ажралмас қисмига айланди. Ҳар 2 ёки 5 дақиқада ижтимоий тармоқларни мобил қурилма ёрдамида текшириб кўриш “касаллиги” барчамизга юқиб улгурди. Кўп саёҳат қилувчилар учун ҳалқаро роуминг, тревел сим-карталар ҳам аллақачон қўл келмоқда.

Хорижга ишлашга ёки ўқишга кетар эканмиз, аввало қайси хориж компанияларининг қайси таърифлари мегабайтлардан иқтисод қилишни яхши йўли эканлиги барчамизга бирдек қизиқ. Сабаби дам олиш таътилларимизни хорижда қай тарзда ўтказяпмиз - расмларни ўз яқинларимизга етказиш шундай кезларда мобил алоқадан фойдаланишга бош омил.

Испания

Европага сафар қилар экансиз бу ерда мобил уяли алоқа хизмати ватандагидек эмаслигини ҳис қиласиз. Бу аввало нархларга тегишли. Испанияда Orange, Vodafone, Movistar ва Yoigo операторлари сизнинг хизматингизга мунтазир. Уяли алоқа операторлари икки хил хизматни таклиф этади: биринчиси, шартнома тузасиз ёки олдиндан тўлов хизматига уланасиз. Шартнома асосида уяли алоқадан хизмат кўрсатиш танловида сиз ҳар ойда маблағингизни тўғридан-тўғри пластик картангиздан ечиб олинишига рози бўласиз ва бу шартнома одатда 1 ёки 2 йил муддатга имзоланади. Агар сиз мамлакатда ватинчалик резидент (истиқомат қилувчи) бўлсангиз, бу сизга мос танлов эмас, сабаби банклар резидентларга пластик карталар очмайди.

Шунинг учун сайёҳга олдиндан тўлов усули орқали хизмат кўрсатиладиган операторлар маъқулроқ.Операторга паспортингиз билан борасиз ва сизга турлича тарифларни тақдим этишади ва манзилингизни сўрашади. (Одатда меҳмонхона адреси билан ҳам сим карта олиш мумкин.)

Orange тарифида 25 евро эвазига 8 Гб тарифига уланасиз ва Европа бўйича чексиз қўнғироқлар ва 4G интернет алоқасига хуш келибсиз.

Агар талаба бўлсангиз, Republica Movil тарифи сиз учун энг қулай таъриф. 20 евродан воз кечиш эвазига сизда 23 ГБ интернет Испания ва Европа бўйлаб халқаро роуминг хизмати сизнинг ихтиёрингизда. Бу тариф орқали ҳисобингизни онлайн тўлдириб олиш имкони ҳам берилади.

Япония

Японияда Au, Docomo, Softbank​ каби уяли алоқа операторлари фаолият юритади. Ушбу операторлар шартнома асосида iPhone 5S,iPhone X телефонларини тақдим этади. Ушбу компаниялар Япония уяли алоқа бозорида гигант бўлганлиги сабабли, хизматлар нархи анча қиммат.

Интернет ва қўнғироқлар учун тарифлар қуйидагича:

Қўнғироқлар: 20 иена /30 секунд (тарификация ҳар 30 секундда) = 1500 иена/ойига + ишлатилган сумма.

+ Интернет: 50 Гб = 7000 иена/ойига.

Жами: 9500 иена/ойига. (тахминан. $100).

Диққатга молик жиҳати шуки, айфон телефон билан бу сумма 2000 иенага айланади (тахминан 20$).

Бундай шартномага эга бўлиш учун паспорт, кредит картаси, хорижлик фуқаро учун Японияда рўйхатга олинганлик ҳақидаги қайд қоғози керак бўлади. Аммо сайёҳ бундай шартномадан фойдалана олмайди.

Словения

Словения Европадаги мобил хизмат кўрсатиш нархлари ҳаминқадар арзон бўлган мамлакатлар сирасига киради.2.5 еврога бу мамлакатда Телемач компаниясининг “Free2go​” таърифига уланса бўлади ва сизга 4 кунлик давр учун 1 Гб интернет трафик тақдим этилади.

Чехия

Чехия Республикасида асосан Vodafone, O2, T-Mobile​ каби уяли алоқа операторлари мижозларга хизмат қилади. Бу уч компания хизматлари ва нархи деярли фарқ қилмайди. Водафон мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уяли алоқа хизматидан фойдаланишнинг икки тури мавжуд. Биринчиси олдиндан тўлов эвазига ва иккинчиси шартнома асосида. Дастлабки ҳолатда паспортни тақдим этган ҳолатда, сиз керакли таъриф пакетига ҳақ тўлайсиз ва белгиланган дақиқа, смс, интернет трафигига эга бўласиз. Иккинчи ҳолатда пасспорт билан биргаликда ID ​картангиз ҳам керак бўлади. Агар сизда ID ​карта мавжуд бўлмаса, 3000 чех кронасини гаров сифатида тўлашга мажбурсиз. Агарда сиз яхши мижоз сифатида тўловларни ўз вақтида амалга ошириб борсангиз, уч ойдан сўнг 3000 чех кронаси сизнинг ҳисоб рақамингизга қайтариб берилади. Энг оддий олдиндан тўлов таърифлари ойига 199 крона (8 евро) туради. Шунда сизга 1.2 Гб интернет, ҳар бир дақиқа сўзлашув учун 3.5 крона ва тармоқ ичида бепул SMS жўнатиш хизмати ёқиб берилади. Тўлов улангандан сўнг амалга ошириладиган энг арзон таърифлар 777 крона (35 евро) га тушади. Бунда сизга 5 Гб интернет, бепул қўнғироқлар ва SMS хабар хизмати таклиф этилади.

Австрия

Австрияда деярли барча ҳудудларда уяли алоқа хизмати яхши ишлайди. 2019 йилда уяли алоқа операторлари 5Г хизматини мижозларга тақдим этишни мақсад қилган.

Австрияда керакли компания ва қулай таърифлар ҳақида маълумот олиш учун tarife.at​ сайтига кириш кифоя. Мамлакатда Drei, A1, T-Mobile, HOT, Yesss!, S-mobile​ каби уяли алоқа операторлари иш олиб боради. Австрияда сим картани 2 еврога қўлга киритиш имкони бор.

2019 йил бошидан Австрияда уяли алоқа хизматлари нархи мегабайт миқдори ёки сўзлашув дақиқаларига боғлиқ бўлмаслиги эълон қилинди. Нархлар мижознинг уяли алоқа учун ойига қанча нарх таклиф қила олишига боғлаб қўйилмоқда. Мисол учун сиз Hot ​уяли алоқа оператори хизматларидан фойдаланмоқчи бўлсангиз 10 евро эвазига сизга 1000 дақиқа сўзлашув , 6 Гб интернет трафиги тақдим этилади. 14 евро учун сизда 8 гигабайт интернет трафиги ва шунча миқдордаги смс ва сўзлашув дақиқалари берилади.

2019 йилнинг 1 январидан Австрияда сим карталарни ID ​карта билан рўйхатга олиш тартиби жорий қилинди. Бу дегани сиз сим карта олмоқчи бўлсангиз, албатта ID картага эга бўлишингиз керак деганидир.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади