Тошкент вилоятида мактаб директори обунага мажбурлагани учун ишдан бўшатилди

12.02.2019 | Ўзбекистон | 4438

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 10-мактаб директори ўқитувчиларни обунага мажбурлагани учун вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) матбуот хизмати хабар қилди.

«Мактаб директори Шавкатжон Ризаев ҳар бир педагог ходимга жорий йилнинг январь ойи иш ҳақини нақд пул кўринишида олишларини маълум қилиб, уларни обунага мажбурлагани аниқланди», — дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аввалроқ директорнинг айрим ўқитувчиларни лавозим вазифаларига зид бўлган аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этганини аниқлаган эди.

ХТВ маълумотларига кўра, мактаб директорига нисбатан ушбу ҳаракати учун 2018 йил декабрь ойининг охирида Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-қисмига асосан тегишли чора кўрилган эди.

«Лекин мактаб раҳбари ўзига берилган интизомий жазодан тегишли хулоса чиқармай, такроран 2019 йил учун 8 турдаги журналлар обунасига ўқитувчилардан пул йиғишни ташкиллаштиргани маълум бўлди», — дея қайд этилади хабарда.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан директор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 августдаги қарори билан халқ таълими ходимларини даврий нашрлар обунасига мажбурий жалб қилиш тақиқланган.