«Пичоқ воқеаси»ни уюштирган Миллий гвардия ходими хизматдан четлаштирилади, қилмишига қонуний баҳо берилади (видео)

16.02.2019 | Жамият | 6138

Интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган текширув тасвирланган видео тарқалди, деб хабар берди «ЎзА».

Унда Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги кўнгилочар жойлардан бирида ўтказилган текширувда Миллий гвардия ходими бинонинг караоке хонасига кириб, ёстиқ остига пичоқ қўйиб хонадан чиқиб кетгани, кейин хонага бошқа хизмат вакиллари билан кириб текширув ўтказилгани ва пичоқ «фош» этилгани акс этган.

Ушбу ҳолат бўйича Миллий гвардия матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг қайд этишича, бу ҳолат ҳақиқатда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида содир бўлган. Мазкур воқеа бўйича Миллий гвардия раҳбарияти ўша вақтнинг ўзидаёқ хабардор қилинган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Мазкур ҳарбий хизматчи Ф.Ш.га нисбатан албатта тегишли жазо чораси кўрилади ва Миллий гвардия сафидан четлаштирилади.

Ҳар қандай салбий хатти-ҳаракатлар содир этган ҳарбий хизматчиларга Миллий гвардия Қўмондонлиги томонидан қаттиқ чоралар кўрилади.