Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Фирибгарлик жиноятини содир этган аёл суд залидан озод қилинди
18.02.2019 19:42,  
20

Фирибгарлик йўли билан бир қатор одамларнинг пул-моддий бойликларни қўлга киритган аёл зарарнинг 72 фоизини қоплагани ва вояга етмагани фарзанди борлиги сабабли суд залидан озод қилинди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг раиси Қодирберган Яхшимуратов аълумот берди.

Яқинда А. Қосимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи босқич суди томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Судланувчи А. Қосимова оиласидан ажрашган, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, бирон-бир жойда ишламайди.

Меҳнатга бўйин эгмаган А. Қосимова 2018 йил 29 июль куни соат тўққиздан ўн иккига қадар бўлган вақт оралиғида ўзи истиқомат қилаётган кўп қаватли уйдаги қўшни хонадонда яшовчи С. Зиёдуллаеванинг дам олишга кетганидан фойдаланиб, унинг уйига ўғирликка киради. Хонадон ётоқхонасидаги темир эшикни «болгарка» ускунаси ёрдамида кесиб, сейф ичидан 12 минг 800 АҚШ доллари, сўм ҳолатида жами 99 миллион 704 минг 64 сўмга тенг маблағни ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.

Судда ҳар бир ҳолат синчковлик билан чуқур ўрганиб чиқилди. А. Қосимова сейфнинг калити бўлмагани учун уни кесиб очиш мақсадида таниши З. Шариповга қўнғироқ қилган. З. Шарипов ўзига тегишли «болгарка"ни А. Қосимова ижарада яшаётган уйга келтириб берган. А. Қосимова ундан бу ускунани қандай ишлатишни ўрганиб олган.

Шундан сўнг ўзганинг кўп миқдордаги мулкини ўғирлик йўли билан осонгина қўлга киритган А. Қосимова ундан қарзини қайтаришни бот-бот сўраётган Ф. Носировга 5 минг 600 доллар беради. Бундан ташқари у Ф. Носировнинг қўлига яна 300 доллар тутқазиб, иккаласининг таниши бўлган А. Эронқуловга бериб қўйишни тайинлайди. Негаки, А. Қосимова А. Эронқуловдан ҳам қарз олган эди.

Суд муҳокамаси чоғида маълум бўлишича, бирон-бир жойда ишламаган, бекорчи А. Қосимова ҳеч бир ўйламасдан таниш-билишларидан қарз кўтараверган. У жабрланувчи С. Зиёдуллаеванинг ўзидан ҳам 300 доллар миқдорида қарздор бўлган. А. Қосимова жабрланувчининг дугонаси М. Мақсудовага С. Зиёдуллаева дам олишдан қайтгач, бериб қў¬ҳҳйишни сўраб, 300 доллар беради. Ҳатто пулларнинг ҳақи¬ҳқий эгасига телефон қилиб, қарзини унинг дугонасига бериб қўйганидан огоҳ этади.

Ўғирлик ортидан келган текин даромаддан босар-тусарини билмай қолган А. Қосимова шу куннинг ўзидаёқ онаси ва ўғли Собит билан бозорга чиқади. Ўзига нотаниш шахсдан 250 долларни 1 миллион 960 минг сўмга айирбош қилади. Собитга 840 минг сўмга ўйинчоқ, ўзига бир дона 800 минг сўмлик «Самсунг» телефон аппарати сотиб олади. Яна ўзига ва онасига кўйлак, аёллар шиппаги харид қилади.

Уйга қайтгач, онасига 2 минг 500 долларни сақлаб туриш учун бериб, ёлғон гапиради. Яъни бу маблағ гўёки таниши З. Шариповга тегишли эканини айтади.

Эртаси куни А. Қосимова М. Жалиловага ундан олган қарзни қоплаш учун 100 доллар берган. Гулхан исмли аёлга ҳам 100 доллар бериб, ўзининг гаровда турган фуқаролик паспортини қайтариб олган. Шундан сўнг 2018 йил 31 июлда А. Қосимова Тошкент шаҳрига отланади.

Бу орада дам олишдан қайтган С. Зиёдуллаева уйига келганди. У хоналарнинг бетартиб, тўзғиб ётганию, темир сейфнинг аҳволини кўриб, ўғирлик содир этилганига амин бўлади.

Жабрланувчида дарҳол А. Қосимовага нисбатан шубҳа уйғонган. Чунки А. Қосимовага нисбатан бундай гумон туғилиши учун асос бор эди. Бирон жойда ишламай, ҳеч қандай даромадсиз яшаётган А. Қосимова кутилмаганда, ундан олган қарзини қайтарганди.

С. Зиёдуллаева А. Қосимовага қўнғироқ қилади ва уйида ўғирлик содир бўлганидан уни воқиф этиб, тезда етиб келишини сўрайди. А. Қосимова «хўп» дейди-ю, телефонини ўчиради. А. Қосимованинг мақсади жабрланувчидан узоқлашиш, шу йўл билан жинояти фош бўлишидан қутулиб қолиш эди. Лекин ўғрининг ўйлагани пуч бўлиб чиқди.

Самарқанд ва Жиззах вилоятлари оралиғидаги чегара постида ички ишлар ходимлари А. Қосимова кетаётган автомашинани тўхтатишади. «Бўйнида иллати борнинг оёғи қалтирар», дейдилар. А. Қосимовани хизмат хонасига олиб боришганида, у ўзи қўл урган қилмишларни тўлиқ айтиб берган.

Биринчи босқич суди судланувчи А. Қосимовани Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Судланувчининг қилмишидан чин кўнглидан пушаймонлиги, етказилган моддий зарарнинг етмиш икки фоизга яқин қисми қоплангани, оғир оилавий шароитлар остида жиноят содир этгани, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади.

Суд ҳайъати судланувчи А. Қосимованинг ҳаракатида Жиноят кодексининг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблади.

Суд судланувчи А. Қосимовага Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Жиноят кодексининг 62-моддасига мувофиқ, А. Қосимованинг 2018 йил 2 августдан бошлаб қамоқда сақланган ҳар бир кунни озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегирган ҳолда ўташ учун тўрт йил саккиз ой беш кун озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Судланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод этилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан