Абдулқодир Машарипов Истанбулдаги тунги клуб терактидаги айбини инкор этмоқда

18.02.2019 | Жаҳон | 6402

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Reina” тунги клубига ҳужум қилишда айбланаётган Абдулқодир Машарипов жиноятга алоқадорлигини инкор этди, деб хабар қилди “Hurriyet” газетаси.

“Мен буни содир этмаганман. Ўша кеча қўлида “Калашников” автомати бўлган киши мен эмасман”, - дея иқтибос келтиради Машариповнинг сўзларидан нашр.

Шунингдек, айбланувчи суд мажлисида теракт содир этилган кундан сўнг у телевидение хабарларидан қидирувга берилганини эшитиб, шок ҳолатга тушганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 январга ўтар кечаси "Калашников" автомати билан қуролланган террорчи Истанбулдаги “Reina” тунги клубига бостириб кириб, одамларга қарата ўт очган эди. Бинода 700 дан ортиқ киши бўлган. Туркия полицияси хабарига кўра, терактда 39 киши қурбон бўлган, 69 киши жароҳатланган. Содир бўлган теракт учун жавобгарликни "ИД" ўз зиммасига олган. Ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов 2017 йил 16 январда Истанбулнинг Эсенюрт  туманида махсус операция натижасида гумон қилинувчи сифатида қўлга олинган.