Шавкат Мирзиёев президент мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади

21.02.2019 | Илм-фан | 4598

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарорни имзолади, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Иқтидорли болалар учун мактаблар барча вилоятларда давлат ихтисослашган таълим муассасаси шаклида фаолият олиб боради. 2019 йилда Тошкент, Нукус ва Хивада дастлабки президент мактаблари қурилиши бошланади.

2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида президент мактабларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу мактабларга қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5−10-синфларининг ҳар бир мактаб 144 нафардан ўқувчи ўқишга қабул қилади.

Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технология, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9−11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчиларига, белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 18 ноябрда Ўзбекистон президенти Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашув давомида, ҳар бир вилоятда Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида эълон қилган эди.