Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Вазирлик ва ҳокимликларнинг «ишонч телефонлари» ишончни оқламаяпти
24.02.2019 18:39,  
4713

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб беминнат хизматга бел боғлаган “ишонч телефонлари” одамлар мушкулини енгиллатиш бобида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар барҳам топиб, юзага келган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Афсуски, “ишонч телефонлари”нинг ҳаммаси ҳақида ҳам шундай деб бўлмайди. ЎзА“ишонч телефонлари” билан боғлиқ вазиятларни ойдинлаштириш учун www.gov.uzҳукумат порталининг “Давлат органлари” бўлимида кўрсатилган 130га яқин  ишонч телефонига қўнғироқ қилиб кўрди.

Иқтисодиёт вазирлигининг "ишонч телефони" (+99871 232-65-55) доимий банд. Молия вазирлиги (+99871 203-00-50) рақамини тергач “Ассалому алайкум! Сиз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг "ишонч телефони"га қўнғироқ қилдингиз. Ўзбек тилини танлаш учун бирни босинг!” деган оператор овози эшитилди. Шу сўзларнинг русча такроридан сўнг бир оз жимлик ҳукм суради, кейин яна шу ҳолат қайталанади. Сўнг гўшакда алоқа узилганини англатувчи “ту-ту-ту” сигнали эшитилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "ишонч телефони"да (+99871 239-41-12) ҳам худди ўша вазият такрорланди. Фақат “Оператор билан боғланиш учун бирни босинг” деган жумла қўшилди ва гўшакда бизга таниш ўша: “ту-ту-ту”. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (+99871 246-37-12) рақами ҳам доимий банд, балки, ишламас. 

Барча "ишонч телефонлари" билан боғланиш ҳаракатлари бир эмас, бир неча куннинг турли вақтида амалга ошириб кўрилди. Халқ таълими вазирлиги – 10-06 рақами: “Ассалому алайкум! Сиз таълим соҳаси бўйича "ишонч телефони"га қўнғироқ қилдингиз. Халқ таълими масалалари бўйича бирни, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими масалалари бўйича иккини, Олий таълими масалалари бўйича учни босинг... ва кутилмаганда “ту-ту-ту”. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (+99871 239-47-95) "ишонч телефони"га тушиш учун қилган уринишларимиз ҳам шу тахлит зое кетди. Ички ишлар вазирлиги (+99871 233-39-39) "ишонч телефони" рақамларини тергач, зум ўтмай кимдир нариги томондан сергак товушда чақирувга “лаббай” дейишини ишонч билан кутдик. Афсуски, ундай бўлмади.

Ниҳоят икки кунлик уринишларимиздан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги "ишонч телефони" (+99871 147-10-50)га уланишга муваффақ бўлдик. Бизга бу тармоққа “78” рақами орқали уланиш эслатилди. Кўриниб турибдики, бу тармоқда ҳам бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар етарли.

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги (+99871 233-28-28), Ташқи савдо вазирлиги (+99871 238-51-32) "ишонч телефони" ҳам қўнғироқларга жавоб бермади. 

Энг қизиғи, Адлия вазирлигининг 10-08 қисқа рақамидан “блогадарим за терпение” деган жумладан бошқа маълумот ололмадик. Кутиш навбатимиз келгунича 27 дақиқа вақт увол кетди... кейин алоқа ўз-ўзидан узилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан (+99871 232-25-37) бир неча бор уринишларимизга қарамай боғлана олмадик. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг (+99871 239-24-07, +99871 239-24-39, +99871 239-24-49) учала рақамидан бирортасидан садо чиқмади. Инновацион ривожланиш вазирлиги (+998 71 239 34 39) "ишонч телефони"нинг ҳам аҳволи, юқоридагидек жим-житлик. 

Умид билан қилган қўўнғироқларимизга жавоб берган идоралар ҳам бўлди. Лекин улар саноқли. 

Ишонинг, Маданият вазирлиги (+99871 256-85-07) "ишонч телефони"да масъул ходимнинг товушини эшитиб, ҳатто қувониб кетдик. Ўзини Элдор деб таништирган ходимнинг мурожаатчига муносабати ҳам таҳсинга лойиқ. Бу бизни хурсанд қилди.

Қурилиш вазирлиги (+99871 244-05-05) ходимининг самимий муносабатидан кўнглимиз кўтарилди. Ўзини Ҳакимжон Шарифжонов деб таништирган масъул ходимнинг айтишича бир кунда 30 га яқин қўнғироқ бўлар экан. 

Марказий банкнинг (+99871 200-00-44) "ишонч телефони"да биз билан 4-оператор боғланди. Кун давомида 20 дан ортиқ мурожаатчи билан боғланишини ва кўплаб мурожаатлар бириктирилган мутахассис ходимлар ёрдамида ўз вақтида ҳал этилаётганини қайд этди. 

Бош прокуратурасининг (+99871 232-10-07, 1007) рақамларини териб, 2-3 бор 26 дақиқалик кутишлардан сўнг, 607-оператор билан боғланишга муваффақ бўлдик. 607-операторнинг айтишича, "ишонч телефонлари" учун 24 соатлик навбатчилик тизими йўлга қўйилган экан. Негадир, операторнинг ишлар қатъий тартиб билан ташкил этилган дейишига қарамай, бу рақамларга бир неча бор уринишлар ва узоқ кутишдан сўнг боғланиш мумкин бўляпти... 

Айни кунларда юртимизда вилоят ва шаҳар ҳокимликларига кенг имкониятлар берилмоқда. Ҳудуддаги барча муаммоларни вақтида узил-кесил ҳал этиш учун кўплаб янги иш ўринлари, масъул лавозимлар жорий этилмоқда. Шундай бўлса ҳам "ишонч телефонлари"га бўлган эътибор ҳар бир эл хизматига киришган амалдор бунга юқори даражали масала сифатида жиддий ёндашмоғи жоиз. Мана шу масъулият вазифа қандай тартибда амалга оширилаётгани билан қизиқиб, "ишонч телефони" рақамларига юзланамиз.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг +99871 200-90-69, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг +99861 222-46-33, Андижон вилояти ҳокимлигининг +99874 223-25-28, +99874 223-30-31, Бухоро вилояти ҳокимлигининг +99865 222-22-22 рақамларида бир хил, алоқа йўқлигини англатувчи “ту-ту-ту” товушлари қулоққа чалинади. Жиззах вилояти ҳокимлигининг +99872 226-00-11 рақамидан эса абонент блокировка қилингани маълум қилинди. Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг +99875 200-55-05 рақамли телефонидан “Кечирасиз, сиз тераётган телефон рақами тармоқда йўқ”, деган сўзларни эшитдик. Навоий вилояти ҳокимлигининг +99836 220-10-20 рақамли телефонидан “Кечирасиз, сиз нотўғри рақам тердингиз”, дейилмоқда. Наманган вилояти ҳокимлигининг +99869 227-08-29 рақамини териб, умумий бўлим ходими Умиджон Юсупов билан боғланишга муваффақ бўлдик. 

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг +99866 231-11-25 рақамли "ишонч телефони" билан боғланиш имконсиз бўлиб чиқди. Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг +99876 224-15-96 рақамли "ишонч телефони"да ҳам бизга таниш овоз: “ту-ту-ту”. Сирдарё вилояти ҳокимлигининг +99867 200-02-06 рақамига уланганимизда опреатор тағин, “Кечирасиз сиз тераётган телефон рақами тармоқда йўқ”, деган сўзлар билан бизни сийлади. Тошкент вилояти ҳокимлигининг +99871 200-88-11 рақамидаги овози магнит тасмага ёзилган хоним “Ассалому алайкум. Сиз Тошкент вилояти ҳокимлигига қўнғироқ қилдингиз. Сўзлашувни ўзбек тилида давом эттиришни хоҳласангиз бирни босинг....” шу сўзларнинг рус тилидаги таржимаси айтилгач, гўшакдан яна “ту-ту-ту” товушлари эшитилди. Фарғона вилояти ҳокимлигининг +99873 244-07-50 +99873 244-21-65 рақамидан эса “Ассалому алайкум. Фарғона вилояти ҳокимлиги "ишонч телефони"га хуш келибсиз. Оператор билан боғланиш учун бирни босинг...” бирни босган заҳотингиз алоқа узилиб  қолаверади... Хоразм вилояти ҳокимлигининг +99862 223-00-06 рақами, бизни аслида ижтимоий комплекс ходими Ифтихор Ражаббоев билан боғлади...

"Ишонч телефонлари"нинг “ишончли”лиги ана шундай. 

Беихтиёр кўнгилда шундай савол туғилади. "Ишонч телефонлари" фаолияти билан боғлиқ шу қадар жиддий муаммолар мавжуд экан, мурожаатчиларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига эътибор қай даражада?

Бир сўз билан айтганда, "ишонч телефонлари"нинг узлуксиз ишлаб туришидан мақсад – халқ тинчлиги, юрт фаровонлиги. Бунда кўзбўямачиликка ёинки хўжакўрсинликка йўл қўйилса, одамлар қалбида ишонч йўқолади, ишончсизлик ин қўяди. Рости, кези келганда айтилган бир оғиз ширин калом минглаб муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин. Мана шунда кўнгиллар таскин топади. Миллатга дахлдорлик ҳисси эса минг чандон ортади. Ҳар бир киши эркинликни ёки ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис этса, келажакдан умидворлиги ортади. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан