Марказий Осиё давлатларида нечта Бош вазир алмашган?

26.02.2019 | Таҳлил | 4965

Куни кеча, 25 феврал куни Қозоғистонда янги ҳукумат раҳбари этиб Аскар Мамин тайинланди. Очиқ маълумотларга кўра, у Қозоғистоннинг ўн биринчи бош вазиридир. Лекин Карим Масимов икки марта ҳукумат раҳбари вазифасини бажарган. Шу тариқа, Мамин қўшни мамлакатда ҳукумат раҳбарлигига тайинланган ўнинчи шахсдир.

Mустақилликка эга бўлгач, Марказий Осиё давлатларида бош вазирлар сони қанча бўлганини ва улардан қайсилари ўз лавозимларида кўпроқ "ушланиб турганликларини" аниқлашга қарор қилдик.

Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов — мустақилликка эришилгандан буён бешинчи бош вазирдир. У 2016 йил декабр — Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланган муддатдан бошлаб фаолият юритиб келади. Марказий Осиё мамлакатлари Бош Вазирлари ичидаги рекорд натижа Мирзиёев томонидан қайд этилган - Ўзбекистон етакчиси 13 йил давомида Ҳукуматга раҳбарлик қилган (2003 декабрдан - 2016 декабргача).

Қозоғистон

Юқорида таъкидлангани каби, Қозоғистон Республикасида жами 10 нафар бош вазирлар бўлган. Улар орасида рекордсмени Карим Масимов бўлиб, у икки маротаба ҳукумат раҳбарлигига тайинланган ва бу лавозимда жами 7 йилдан зиёд ишлаган.

Қирғизистон

Қирғизистон мустақилликка эришгач, бу мамлакатда ўттиздан ортиқ бош вазирлар алмашган, деган фикр кенг тарқалган. Аммо ҳақиқатда уларнинг сони камроқдир: Вақтинчалик Ҳукуматни бошқарган Роза Отунбаевани ҳисобга олган ҳолда, Мухаммадкалий Абилғозиев 23-бош вазир этиб тайинланган.

Қурмонбек Боқиев ва Алмазбек Атамбаевлар икки мартадан ҳукумат раҳбари бўлганликлари ҳисобга олинса, Қирғизистонда собиқ бош вазирлар сони 20 нафарни ташкил этиши ойдинлашади. Бош вазирликда рекорд натижа Апас Джумагуловга тегишли у бу лавозимда 4 йилдан ортиқ ишлаган (1993 й декабр ойидан—1998 й мартгача). Бош вазирларнинг тўрт нафари — Қурмонбек Боқиев, Роза Отунбаева, Алмазбек  Атамбаев ва  Сооронбай Жээнбековлар — кейинчалик президент бўлишган.

Тожикистон

Ҳозирги ҳукумат раҳбари Коҳир Расулзода ҳисоб бўйича саккизинчи бош вазирдир, у 2013 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Рекорд натижани эса Оқил Оқилов қайд этган, у ҳукумат раҳбари вазифасини 14 йил давомида бажарган — 1999-йил декабрдан 2013 йил ноябр ойигача.

Туркманистон

Туркманистонда эса биттагина бош вазир бўлган — Хон Ахмедов. У 1991-октябрдан 1992-й май ойигача фаолият юритган. Конституцияга киритилган ўзгартишдан сўнг бош вазир лавозими бекор қилинган ва эндиликда вазирлар маҳкамасига президентнинг ўзи раҳбарлик қилиб келади. Мустақиллик йилларида Туркманистонда икки президент бўлган. 2007 йили Сапармурод Ниёзовни ҳозирги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов эгаллаган.