Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Инсон равнақи: 2035 йилда бенуқсон саломатлик
7.03.2019 02:40,  
136

"BUYUK KELAJAK" экспертлар кенгаши томонидан тақдим этилган Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш Стратегиясида Инсон Равнақи энг асосий йўналишларидан бири деб белгиланган. Бу йўналишда муҳим натижаларга эришиш учун, биринчи навбатда, халқ саломатлигига эътиборни кучайтириш керак деб ҳисоблайди «Буюк Келажак» таъсисчиларидан бири Бахром Исмаилов. Халқ саломатлигини мустахкамлаш учун тиббиёт, фан ва техника соҳаларидаги ютуқлардан кенг фойдаланиш кераклиги ҳақида у қуйидаги мақолани тақдим этди.

Яқинда Daily Mail Германиянинг Фридрих Шиллер номидаги университети олимларининг тадқиқотлари асосида ҳисобот нашр этди. Унга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили нотўғри овқатланиш оқибатида келиб чиққан юрак-қон томир тизими касалликлари сабабли 65 мингдан ортиқ киши дунёдан бевақт кўз юмиши келтирилган. Бу жуда ачинарли ҳолат.

2035 йилга келиб нафақат ақлан ва жисмонан етук авлод улғайиши, балки катта ёшдагилар ҳам шу даврга келиб саломатлигини йўқотмаслигини олдимизга мақсад қилиб қўяр эканмиз, назаримда ўзбекона ҳаёт тарзимизни обдон сарҳисоб қилиб кўришимиз керак.

Дунё бўйлаб соғлом турмуш тарзининг оммалашиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бунинг сабаби ҳозирги шиддатли замонда ҳаста бўлиб ётиш жуда қимматга тушиб кетаётганлиги, инсонлар тетик ва ҳушбичимликнинг афзал томонларини яхши англаётганида деб ўйлайман. Аммо яқинда қатор мукофотлар соҳиби, олим, инженер ва миллионер Рей Куртсвейлнинг 2029 йилга келиб инсонлар абадий ҳаёт сирини кашф этишларини башорат қилгани ҳақида ўқидим ва ўйланиб қолдим. Ростдан ҳам, фан ва техника тезкор ривожланиб бораётган замонда, нега инсон олдинги замонлардаги каби кам умр кўриши керак?

Шу ўринда, Куртсвейл ва Гроссман ҳаммуаллифлигида яратилган TRANSCEND китобидан ҳаётимизга тадбиқ этишимиз мумкин бўлган баъзи тавсияларни келтириб ўтмоқчиман.

Шифокор маслаҳати

 

Биламизки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ. Аммо доим ҳам шунга амал қиламизми? Афсуски йўқ. Соғлиғингиз жойида бўлиши учун профилактик тиббиёт 3 жабхада сизнинг ҳамроҳингизга айланиши керак:

1. Тиббий тарих. Мутахассис кўригида нафақат тиббий картангиз, балки спорт машғулотлари, қабул қилган дори воситаларингиз, оила аъзоларингиз, ота-онангизнинг соғлиғи ҳолати ҳақида маълумотларни ҳам тақдим этишингиз сизнинг саломатлигингизни аниқроқ баҳолашга ёрдам беради.

2. Функционал тестлар (орган ёки органлар тизимини ишлаши жараёнида кўрикдан ўтказиш). Баъзи текширувлар уйда мунтазам равишда ўтказиб борилиши керак. Бош мия, ўпка, юрак, қорин, умуртқа поғонаси ва орган тизимлари ҳолатини эса мутахассис аниқлаб беради.

3. Лаборатор кўриклар. Кўпгина тестлар (масалан, холестерин даражаси) одатда шифокорлар томонидан тез-тез амалга оширилади. Аммо витаминлар ва гормонлар даражаси кам ҳолатларда текширилади. Навбатдаги тиббий кўрик давомида ушбу текширувларни ҳам ўтказишларини ўзингиз сўрашингиз мақсадга мувоффиқ бўлади.

Ҳаётга ижобий назар

Албатта, стресс ва муаммолардан ўзингизни бутунлай ҳоли қила олмайсиз. Аммо хавотирларни бошқариш ва қийинчиликларни осон енгиб ўтишнинг бир неча усуллари бор:

  1. Вақтингизни тўғри тақсимлашни ўрганинг. Режа асосида иш тутсангиз, мажбуриятларингизни вақтида бажарасиз ва ортиқча асаб бузарликлардан қутуласиз.
  2. Яқинларингиз билан муносабатларингизга эътибор қаратинг. Ўзаро тушунишга асосланган яқин шахслараро муносабатларни сақлаб қолиш рухий саломатлик учун муҳим аҳамиятга эга.

Мунтазам ўз-ўзини текшириш

Соғлиғингизга ғамхўрлик қилинг: касалликнинг асосий кўринишини ўтказиб юбормаслик учун ўзингизни уйда текширувлар ўтказиб туринг. Касалликларнинг олдини олиш, машқлар, уйқу, мия соғлиғини сақлаш ва стрессни бошқариш касалликларнинг олдини олишнинг асосий усулларидир.

Эрта ташхис асосан шифокор томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, ўзингизнинг уйингизда амалга оширишингиз мумкин бўлган текширувларни канда қилманг: қон босими ва пульсни ўлчаш, тана ёғ миқдорини ҳисоблаш, жисмоний ривожланишни назорат қилиш. Ушбу текширувларни мунтазам равишда ўтказиш ҳаётингизнинг қисмига айланиши керак.

Тўғри овқатланиш

Соғлом овқатланиш семизлик, юрак-қон томир касалликлари, саратон ва бошқа жиддий касалликлар хавфини камайтиради.

Афсуски бизнинг таомномамиз катта миқдордаги углеводлардан иборат: оқ нон, тозаланган гуруч, юқори сифатли ундан тайёрланган макарон ва айниқса картошка. Калориянинг барча манбалари қимматлидир ва ҳар хил турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш тўғри албатта, муҳими меъёрга амал қилиш. Бундан ташқари, ичадиган сувингиз таркибига ҳам эътибор беринг, иложи бўлса сув фильтрларидан фойдаланинг. Чунки сув қанчалик тоза бўлмасин, қувурлардан ўтиш жараёнида яна ифлосланади. 

Калориялар миқдорини камайтиринг. Ортиқча вазнга эга одамларда қон босими кўтарилиши, остеоартрит ва турли хил саратон касалликлари хавфи ошади. Кўпчилик овқатланиш одатларига вақтинчалик ўзгариш киритади-ю, вазн йўқотгач, парҳездан воз кечади. Кейинчалик йўқотилган вазн одатий ҳаёт тарзи билан қайтади. Бундай овқатланиш амалда фойдасиздир. Сиз ҳаётингизнинг қолган қисмида тўғри овқатланишга риоя қилишга қатъий қарор қабул қилишингиз керак. Калориялар миқдори эса иш фаолиятингизга нисбатан ҳисобланиши ва шунга қараб озиқ-овқатлар танлашингиз зарур.

Ярим тайёр маҳсулотлар, кислота миқдори таркибида жуда кўп бўлган ичимликлар канцерогенлардир, бу дегани уларни кўп миқдорда истеъмол қилиш саратонга олиб келиши мумкин.

Жисмоний машқлар

Жисмоний машқлар уч турга бўлинади: кардиомашқлар, куч-қувват машқлари ва тана пластикасини оширувчи машқлар. Имкони бўлса уч турдаги машқларни ҳам бажариб туринг. Катта теннис билан шуғулланишни маслаҳат берган бўлар эдим, чунки олимлар соғлиқ учун ушбу спорт турига энг фойдалилардан бири деб баҳо беришган. Теннис ўйнаш кўплаб бошқа жисмоний фаолият турларига кўра катта афзалликларга эга. У юрак-қон томир тизимини, мушакларни, суякларни мустаҳкамлайди, ҳаракатларнинг мувозанатлашувини мувофиқлаштиради, стрессни камайтирадиган қизиқарли спорт тури.

Агар спорт машқларига алоҳида вақт ва маблағ ажратиш истагингиз бўлмаса, энг осон йўли иш ва ўқишга пиёда (фақат тез ритмда) боринг, тоза ҳавода тез ҳаракатланиб сайр қилинг, эрталаблари югуринг. Спорт ҳаётингиз қисмига айланиб қолганини ва ўзингизни анча тетик ҳис қила бошлаганингизни бир-икки ҳафта давомида сеза бошлайсиз.

Биологик актив қўшимчалар

Озиқ-овқат маҳсулотлари доим ҳам организмга керакли озуқа моддаларини етказиб бера олмайди. Бундан ташқари, замонавий етиштириш усуллари озиқ-овқатларнинг муддатидан олдинроқ етилиши, аммо керакли даражада витамин ва минералларга тўйиниб улгурмаслигига олиб келади. 

Масалан, ҳисоботларга кўра 50 ёшдан ошган инсонлар ҳар куни камида 1200 мг кальций истеъмол қилса, ҳар йили 130 000 дан ортиқ чаноқ-сон бўғими синишини олдини олиш мумкин бўлар экан. 

Қандай қўшимчалар ва қай миқдорда қабул қилиш кераклиги яшаш муҳитингиз, генетикангиз, жисмоний ва ақлий фаолиятингизга боғлиқ.

Тиббиётдаги ғайриоддий ютуқлар

Биологик жараёнларнинг тезлигига, маълумки, таъсир қила олмаймиз. Аммо ўзимизни ақлан ва рухан ҳаётимизга фан ривожланиши орқали кириб келаётган кескин ўзгаришларга тайёрлашимиз мумкин.

Биотехнологиялар, ген инженерияси ва ҳужайрани қайта дастурлашни оладиган бўлсак, илдиз ҳужайраларини сақлаб қолиш ва ДНКингизни ирсий кассаликлар олдини олиш учун текширувдан ўтказиш тўғрисида ўқиб кўринг. Сизнинг дунёқарашингизга ушбу нарсалар қанчалик яқин ёки зид?

Ҳозирда биохакинг – яъни касалликларга қарши осон, арзон ва илғор технологияларга асосланган усуллар ишлаб чиқиш бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилиб, ажойиб натижаларга эришилмоқда. Танангизни қисман янгидан қуриш имкони яратилса, тасаввур қилинг, қанчадан қанча касалликлар бартараф этилиши мумкин.

Токсинлар таъсирини чекланг 

Токсинлар танамизда турли хил ножўя ўзгаришларга, саратон ва бошқа оғир касалликларга олиб келади. Токсинлар йиғилиб қолмаслиги учун мунтазам равишда танангизни улардан ҳалос этиб туришингиз зарур. 

Бунинг учун иложи борича табиий тозалаш воситаларидан фойдаланинг. Хона ўсимликлари ҳавони токсинлардан яхши тозалаш хусусиятига эга, буни ёдда тутинг. Чекманг ва тамаки тутуни бор жойда ўтирманг.

Биз токсинлар таъсир қилишидан тамоман қочиб қутула олмаймиз. Аммо уларнинг таъсирини чеклаб, организмнинг ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш билан муаммони қисман бартараф этишга эришишимиз мумкин.

Ҳаво фильтрлари, тоза ичимлик сувидан фойдаланинг, иложи борича органик таомларни истеъмол қилинг ва электромагнит нурланишдан сақланинг.

Ecopark Tashkent

Минг чақирим йўл ҳам биринчи қадамдан бошланади

Ушбу мақолада келтирилган тавсияларни амалда қўллаш ижобий таъсири йиллар мобайнида тўпланиб боради. Шу давр мобайнида доимий равишда жисмоний машқлар, соғлом уйқу, саломатлигингиз ҳолатига эътибор беришга, мустаҳкам ижтимоий алоқаларга эга бўлишга ҳаракат қилиб борсангиз, ақлий, жисмоний ва молиявий салоҳиятингизни қанчалик кўтаришингиз мумкинлигини ўйлаб кўришингизни ва сиз учун нима муҳимлигини ҳозирнинг ўзида ойдинлаштириб олишингизни сўраган бўлар эдим. 

Ўзбекистоннинг 2035 йилгача ривожланиш Стратегияси ақлан ва рухан соғлом, қобилиятли янги авлод етиштириш учун ҳар тарафлама ечимларни ўз ичига олган. Сифат жиҳатидан тамоман янги даражага чиқиш учун ҳаракатни ўзимизнинг кундалик одатларимизни ўзгартиришдан бошлашимиз керак. Тўғри, ўзгаришлар бир кунда содир бўлмайди. Ҳаётингиз сифатини янги даражага кўтариш сиздан сабр, интилувчанлик ва ғайрат талаб қилади. Муҳими мақсадларингизни доим кўз олдингизда тутинг ва ўткинчи нарсалар туфайли улардан воз кечманг.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан