Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Зафар Ҳошимов: Экспорт нархларининг назорат қилиниши фермерлар ва ишлаб чиқарувчиларни касодга учратди
12.03.2019 20:03,  
10

Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Telegram’даги саҳифасида қизғин мунозараларга сабаб бўлган «Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ҳамда текстил маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига ўз муносабатини билдирди.

Зафар Ҳошимов давлат қатъий равишда экспортга нархларни белгилаш ғоясига мунтазам қайтаётганидан кўпчилик қатори ҳайратга тушаётганини таъкидлади ва экспортчилар давлат корхоналари эмас, балки фермерлар, агрофирма ва текстил компаниялари саналишига тўхталиб ўтди: «Уларнинг жуда кўпчилиги хусусий. Шунга мувофиқ, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳам ўзлариникидир, яъни нима қилишса ҳам ўзлари мулкларини идора қилиш ҳуқуқига эгалар. Албатта, давлат экспорт амалиётининг умумий қонун-қоидаларини ўрнатиши, валюта, тариф ва солиқ назорати кабиларни ҳам тайинлаб, ўрнатиш ҳуқуқига эга, буларнинг барчаси аллақачон мавжуд. Бироқ яна ва яна давлат экспортга нархларни белгилашни истамоқда. Нега?» — дейди тадбиркор.

У ўтмишда айнан экспортга минимал нархларнинг худди мана шундай тарзда назорат қилиниши ва ўрнатилиши туфайли фермер ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари бир неча марта касодга учраб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга самарали кўрсаткичлар билан етказиб бера олмаганини эслатиб ўтди.

«Биргина мисолни келтириб ўтсам. Ўтган йили жуда яхши гилос ҳосили бўлди. Боғбонлар тўкин-сочин мавсум илинжида жуда хурсанд эдилар. Бироқ давлат гилоснинг 1 килограммини 4 доллардан паст нархда экспорт қилишни та‘қиқлаб қўйди. Аммо гилосга белгиланган нархнинг ташқи конюнктураси мутлақо бошқача эди. Мен ўзим шахсан Россиядаги супермаркетда 1 килограмм гилос учун 190 рубль (3 доллар) тўлаган эдим. Шундан келиб чиқадики, Москвадаги чакана савдода гилоснинг килоси 3 доллар эди, мансабдорларимиз эса уни 4 доллардан паст нархда экспорт қилишни ман қилишган», — деб ёзади Зафар Ҳошимов.

Тадбиркорнинг қайд этишича, у учрашувларнинг бирида юқори мансабни эгаллаб турган давлат хизматчиларидан бирига тўғридан-тўғри савол бериб давлат нега бундай йўл тутаётганини сўраган. Жавоб эса оддий тарзда жаранглаган: «Биз фермерлар маҳсулотларини ўртакашларга сотиш орқали даромадларини тушириб юборишларини олдини олишни истаймиз. Ўзлари мустақил товар етказиб беришлари учун энг унумли йўлларни излашсин. Агар Россияда арзон бўлса, бошқа жойга сотишсин». Бошқа бир мансабдор эса қаттиқроқ сабабни келтирган: «экспортчилар ишлаб топган валюталарининг аксарият қисмини хорижда қолдириб, бизга эса олаётган фойдаларининг фақат бир қисминигина кўрсатишларини истамаймиз».

«Агар ўйлаб қаралса, иккала жавоб ҳам умуман танқидга бардош бера олмайди, авваламбор, маҳсулот эгаси унга тўла эгалик қилади, олдингидагидей ҳозир валюта даромадини мажбурий сотиш йўқ, экспорт эса солиқлардан ҳоли, шу сабабли давлат экспортчилар маҳсулотларини қандай тасарруф қилаётгани, даромадини қай тарзда тақсимлаётгани билан иши бўлмаслиги керак. Мантиқан ўйланса, қандай қилиб ва нима учун солиқ ва мажбурий сотишлар йўқ бўлиб турган шароитда оддий фермер ва ишлаб чиқарувчилар ўз пулларини яшириб юришлари керак? Умуман олганда эса, Болтиқбўйи давлатларидаги банклар билан боғлиқ можаролар ва бўлиб ўтган барча коррупцион жанжаллардан сўнг, шуниси аниқки, ҳамюртларимизнинг ўз маблағларини четда сақлашлари ватанимизда сақлашларидан анча хавотирли ҳамда қийинроқ бўлиб бормоқда», — деб таъкидлайди korzinka.uz супермаркетлари тармоғи асосчиси.

Зафар Ҳошимов гилос етилганидан сўнг узоқ сақланмаслигини инобатга олинса, фермерлар ўтган йилги ҳосилларининг аксарият қисмини ички бозорда сотишганини тахмин қилиш мушкул эмаслиги, кўпчилик айнан чекловлар сабаб ҳосилини импорт учун 2 доллардан олишга тайёр булган харидорларига сота олмагани, бундай харидорлар эса охир оқибатда ички бозорда 5000—7000 сўмдан сотишга мажбур бўлганини (1 доллардан кам) таъкидлаб ўтди:

«Ҳосил мўл бўлгани ички бозорда деҳқонларимизга қарши ишлади. Биз тармоғимизда ўтган йили мавсумида гилосни ўртача 5000—6000 сўмдан харид қилдик, бу эса сўнгги бир неча йил ичида рекорд даражада паст нарх эди. Энди фермерларнинг зарарини бир ҳисоблаб кўринг…», — деб ёзади Ҳошимов.

Унинг сўзларига кўра, бозорни тан олмаслик мумкин, аммо бу билан бозор мавжуд бўлмайди, дегани эмас. Юзага келган вазият сабаб мамлакатда Кавказ мамлакатларидан сайёр олибсотарлар пайдо бўлди ва гилосни 0,5—0,8 доллардан сотиб олган, маҳсулотни юк қилиб қўшни мамлакатларга қинғир йўллар билан, ва яна, гилосни карам остига беркитиб Қирғизистон ва Қозоғистонга олиб чиқиб, у ердан ҳужжат қилиб, Россияга олиб кетган ва у ерда баланд нархда сотган.

«Минимал белгиланган нархлар деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларни ҳеч қандай ҳимоя қила олмади. Натижада эса, маҳаллий фермерларимизни ҳимоя қилиш ўрнига уларни олибсотарлар қармоғига чекловларимиз билан илинтириб бердик. Бундай эгри йўллар билан сотилган молнинг даромади эса бизга қайтиб келмаслиги энди аниқ. Ўзимиз қазиган ўрага ўзимиз тушдик», — деб ёзади тадбиркор.

Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи асосчиси ёз охирида экспорт учун давлат томонидан нарх белгиланиши бекор қилинганида барчанинг елкасидан тоғ ағдарилганини ёдга олиб, гилос мавсуми қўлдан бой берилган бўлсада, нималарнидир қутқариб қолиб, одамга ўхшаб яхшилаб экспорт қилингани ва қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари янги мавсумга катта умид боғлаганини қайд этди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан