АҚШ Гулнора Каримова ва Беҳзод Аҳмедовга қарши айблов эълон қилди

12.03.2019 | Жаҳон | 5523

АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова ва «Ўздунробита» компаниясининг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга нисбатан расман айблов эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги сайтида маълум қилинди.

Гулнора Каримова ва Беҳзод Аҳмедов коррупцион тузилмаларда қатнашганликда ва учта компания — МТС ва VimpelCom (ҳозир — Veon, Beeline бренди) ва TeliaSonera (ҳозир — Telia Company, Ucell савдо белгисини бошқарган)дан пора эвазига қўлга киритилган 865 миллион доллар пулни ювганликда ацбланмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2004 йилдан 2012 йилга қадар МТС «ўзбек ҳукумат органларига таъсир ўтказиш имконига эга бўлган, телекоммуникация саноатини бошқарган» Гулнора Каримовага пора тариқаси 420 миллион доллар тўлаган. Ўз навбатида VimpelCom (2006−2012) — 114 млн доллар, Telia (2007−2010) — 331 млн доллар пора берган. Хабарда айтилишича, компаниялар Гулнора Каримовага унинг ёрдамида Ўзбекистон бозорига кириш ва операторларнинг кейинги операцияларини амалга ошириш мақсадида пора беришган.

«Гулнора Каримова ўзининг расмий ҳолатидан таъмагирлик ва учта машҳур тлекоммукацион компаниядан 865 миллион доллар миқдорида пора олишда фойдаланганликда ва бу порани АҚШ молиявий тизими орқали ювганликда айбланмоқда», — дейилади АҚШ Адлия вазирлиги жиноятчилик бўлимининг бош прокурори ёрдамчиси Брайан Бенчковскининг баёнотида.

Каримова ва Аҳмедовга қарши жиноий иш Нью-Йоркнинг Жанубий округи судига топширилди. Айбланувчиларга қўйилган айбловлар судда исотланмас экан, уларнинг иккаловига ҳам айбсизлик презумпцияси қўлланади, дейилади баёнотда.

Сал илгари МТСнинг Ўзбекистондаги коррупция юзасидан АҚШ ҳукумати билан тинчлик келишувига эришгани ва 850 миллион доллар миқдорида жарима тўлаши бўйича бир тўхтамга келингани маълум бўлганди. VEON компанияси 2016 йилнинг февралида АҚШга 795 миллион доллар жарима тўлаш эвазига тинчлик келишувига эришганди. Telia эса 2017 йилнинг сентябрида АҚШ ва Нидерландия ҳукуматига 965 миллион доллар миқдорида жарима тўлаганди.

МТС 2016 йилнинг август ойида ўзининг UMS операторидаги улушини Ўзбекистон томондаги ҳамтаъсисчиси бўлмиш «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази"га сотган ҳолда Ўзбекистон бозорини тарк этганди. 2018 йилда эса Telia ўзининг Ucell компаниясидаги улушини Давлат рақобат қўмитасига сотганди.