Тошкент яшаш учун энг яхши шаҳарлар рейтингида Олмаотадан ортда қолди

13.03.2019 | Ўзбекистон | 4948

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри дунёнинг яшаш учун энг яхши шаҳарлар рейтингида 201-ўринни эгаллаб, Душанбе шаҳрини ортда қолдирди, деб маълум қилди Mercer халқаро консалтинг компанияси.

Вена шаҳри кетма-кет ўнинчи марта рейтинг етакчисига айланди. Рейтингда Цюрих 2-ўрин, Ванкувер эса 3-поғонадан жой олди.

Mercer рейтингига кўра, дунёнинг ҳаёт учун энг яхши шаҳарлар ўнталигига Мюнхен, Окленд, Дюссельдорф, Франкфурт, Копенгаген, Женева ва Базель шаҳарлари киритилган.

Олмаота эса 181-поғонадан ўрин олди. Бишкек 211-ўрин, Душанбе 209-ўринга лойиқ деб топилган.

Компания маълумотига қараганда, компания дунёнинг 231 та шаҳрини таққослаган. Рейтинг тузишда яшаш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий шароитлар, транспорт, озиқ-овқат, маиший товар сифатлари ҳамда таълим ва тиббиёт даражалари инобатга олинган.

Дунёнинг яшаш учун энг ноқулай шаҳри сифатида Боғдод шаҳри тан олинди. У рейтингнинг энг сўнгги поғонаси – 231-ўриндан жой олди.