Шўртанда қиймати 3,6 миллиард долларлик завод қурилмоқда

15.03.2019 | Ўзбекистон | 4989

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилаётган «Uzbekistan GTL» заводида «ЕВРО-5» стандартлари асосидаги 1,5 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда «Маҳалла» газетаси сайтида хабар берилди.

Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади. «Газдан суюқлик» технологиясига асосланган ушбу юқори самарали ишлаб чиқариш саноати дунёда саноқли давлатларда — Жанубий Африка Республикаси, Малайзия ҳамда Қатарда мавжуд.

Мазкур улкан лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ доллари бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланади. Натижада «ЕВРО-5» стандартларига жавоб берадиган 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта ҳамда 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.

Заводнинг асосий аҳамияти мана шунда. Яъни, табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади. Яна бир муҳим жиҳати — завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қилинаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард АҚШ доллардан ортиқ маблағ иқтисод қилинади.

Айни пайтда 135 гектарли майдонни эгаллаган заводни қуриш ва фойдаланишга топшириш билан боғлиқ жараёнларнинг 70 фоиздан ортиғи амалга оширилди. Қурилиш майдонида 5 мингдан зиёд ишчи ва мутахассис, 500 га яқин қурилиш техникалари жалб қилинган.