Humo Arena қурилишига қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди

15.03.2019 | Ўзбекистон | 7860

Тошкентда қурилган кўп функцияли Нumo Arena муз саройининг қурилиши учун умумий ҳисобда 175 млн долларга яқин маблағ сарфланди. Бу ҳақда жума куни ўтказилган брифингда Enter Engineering компанияси ижрочи директори Шоҳрухмирзо Сатторов маълумот берди.

Компания вакили президент фармонига таянган ҳолда, «арена қурилишининг молиялаштириш манбаси сифатида инвесторлар маблағи ва ҳомийлик қабул қилинади», дея таъкидлади.

«Лойиҳа оператори Wind Rose компанияси ҳисобланади, шунингдек, буюртмачи ҳамдир. Инвесторлар ҳозирча ўзларини эълон қилиш борасида бир қарорга келмадилар. Аммо биз сал илгари лойиҳанинг давлат томонидан мувофиқлаштирилиши нуқтаи назаридан „Ўзбекнефтегаз“ ОАЖ иштирок этишини билдиргандик. Объектнинг қурилишига сарфланган маблағ 175 миллион еврога баҳоланмоқда», — деди Шоҳрухмирзо Сатторов.

Humo Arena’ни бозорда фақатгина спорт мажмуаси эмас, балки маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш мажмуаси сифатида тақдим этиш билан ҳам Wind Rose ўзбек компанияси шуғулланади, дея қўшимча қилди у.

15 март куни очиладиган янги сароф фақатгина профессионал спортчиларнинг аренаси бўлиб қолмайди. У шунингдек аҳоли ўртасида қишки спорт турларига қизиқишни юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

Қурилиши икки йил давом этган мажмуанинг очилиш маросимига 6000 киши ташриф буюради. Улар спорт турлари бўйича шоу ва турли санъат намуналарини томоша қиладилар. Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат мирзиёев, шунингдек ҳукумат ва парламент аъзолари қатнашиши кутилмоқда.

Куни кеча давлат раҳбари аренага ташриф буюрган ҳолда сўнгги пардозлаш ишларини кузатганди ва мажмуада самарали эксплуатация тизимини яратиш бўйича кўрсатма берганди.