Соғлиқни сақлаш вазири юриш марафонига бошчилик қилди

16.03.2019 | Тиббиёт | 4579

Шанба куни эрталаб Тошкентдаги «Миллий» стадионида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида юриш марафони бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, марафонда вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги муассасалар раҳбарлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари ҳам иштирок этган.

«Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланмоқда. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — бу каби белгилар ҳар бир кишида учрайди, лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова.

Юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4−5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон президенти «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатда спорт иншоотларининг ҳаммабоплигини таъминлаш, давлат органларида саломатлик кунларини жорий этиш ҳамда алкогол ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклашни кучайтириш каби чоралар белгиланган эди.