Алкоголь лицензиясининг энг қиммати 606 миллион сўм бўлади

20.03.2019 | Ўзбекистон | 5008

Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва улгуржи сотиш фаолиятини лицензиялашнинг янги тартиби лойиҳаси ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган. Унга кўра, алкоголь лицензиясининг энг қиммати 606 миллион сўм, энг арзони 10 миллон 100 минг сўм бўлади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 5 февралдаги президент фармонига асосан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш соҳаси ислоҳ этилди;

узумчилик ва виночиликни бошқариш тизими қайта ташкил этилди;

алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун янги лицензия талаблари белгиланди ва 1 июлгача лицензияларни қайта расмийлаштириш мажбурияти қўйилди;

алкоголли маҳсулотлар билан улгуржи савдо қилишга лицензия жорий этилмоқда.

Лицензияловчи орган — Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси. Лицензиялар оддий (намунавий), амал қилиш муддати чекланмаган.

Лицензия олиш учун зарур ҳужжатларни шахсан келиб, олинганлиги тўғрисида хабар берган ҳолда почта орқали ёки талабгорнинг ЭРИ билан тасдиқланган электрон шаклда тақдим этиш мумкин бўлади. Аризада электрон манзил кўрсатилса, қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома унга электрон шаклда йўлланади.

Тегишли ҳужжатлар пакети олинган кундан бошлаб ишлаб чиқариш бўйича қарор қабул қилишга — 30 кун, улгуржи савдо бўйича 10 кун муҳлат бериш таклиф этилмоқда. Зарурат туғилганда Инспекция жойга чиққан ҳолда ишлаб чиқариш шароитларини текширади.

Қабул қилинган қарор ҳақида талабгор уч иш куни ичида хабардор қилинади. Ижобий қарорга келинганда у йиғим тўлаши (қуйидаги жадвалга қаранг) ва лицензия битимини имзолаши керак бўлади.

 

Т/р

Лицензия тури

Лицензия берганлик учун йиғим миқдори

1

Қуйидаги турдаги маҳсулотларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун:

узумдан тайёрланган вино материаллари;

мева, резавор мевадан тайёрланган вино материаллари

50 ЭКИҲ

узум ва мева, резавор мевадан тайёрланган спирт хом ашёси;

вижиллайдиган ва газланган вино

100 ЭКИҲ

вино спирти, узум ва мева, резавор мевадан тайёрланган тозаланган спирт;

узум, вино, коньяк дистилляти;

виски дистилляти;

ром дистилляти;

мева, реза мева ва кальвадос дистилляти;

узум (табиий винолардан ташқари) ва мева, реза мевадан тайёрланган вино;

узум ва мевадан тайёрланган ароқ;

коньяк, коньякли ичимлик, бренди;

виски;

ром;

кальвадос

200 ЭКИҲ

тамаки маҳсулотлари (барча тоифадаги сигареталар, папирослар, сигаралар ва сигариллалар)

1 000 ЭКИҲ

ўткирлиги 7,0%дан 22,0%гача бўлган вино ичимликлари

1 500 ЭКИҲ

тозаланган истеъмол этил спирти;

техник этил спирти;

ароқ;

ликёр-ароқ маҳсулотлари (пиводан ташқари)

3 000 ЭКИҲ

2

Алкоголли маҳсулотларни улгуржи сотиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун

100 ЭКИҲ
 

Турли «нарх» гуруҳидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун алоҳида лицензиялар расмийлаштирилади ва ҳар бирига кўрсатилган миқдорларда йиғим тўланади. Йиғим келиб тушгач, талабгор ўзи имзолаган лицензия битимини тақдим этганидан кейин 3 кун муддат ичида лицензия берилади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.