Россияда ўзбекистонликни ўғирлаб кетиб, уни эвазига машина ва 50 та қўй талаб қилишди

21.03.2019 | Жаҳон | 5248

Россиянинг Иркутск шаҳрида беш нафар Россия фуқароси ўзбекистонликни ўғирлаб кетиб, уни озод этиш эвазига нархи 2,4 миллион рубль бўлган автомобиль ва 50 та қўй талаб қилишди.

Иркутск вилояти прокуратураси маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси фермер хўжалигини юритиш мақсадида маъсулияти чекланган жамият ташкил этади. У 45 яшар Иркутскда яшовчи фуқарони ташкилотнинг ижро этувчи директори этиб тайинлайди.

Ижро этувчи директор иш ҳақини жабрланувчи билан келишилган оғзаки келишувга қараганда 4 баравар кам олган. Шу боис у ўз танишларидан ўзбекистонликни ушлаб, у билан ҳисоб-китоб қилиб олишга ёрдам беришларини сўрайди.

Улар жабрланувчи билан кафеда учрашишади ва унга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, соғлигига енгил зарар етказишади. Бундан ташқари, жиноятчилар ўзбекистонликка пичоқ ва пистолет билан таҳдид қилиб, ижро этувчи директорга ўзининг автомобили ва фермадаги 50 та қўйни беришларини талаб қилашади.

Ёш йигитлар ўзбекистонликни мажбуран машинага ўтқазиб, унинг уйига боришади. Жабрланувчининг уйидан машина ҳужжатларини олиб кетишади. Шундан сўнг ўз мақсадларига эришган жиноятчилар ўзбекистонликни қўйиб юборишади.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноят содир этган шахслар устидан тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноий иш Иркутскнинг Куйбишев туман судига оширилган.