Сизга озишда халал берувчи асосий хатолар

22.03.2019 | Тиббиёт | 5374

Мақолада биз сиз овқатланиш борасида йўл қўядиган қандай хатолар озиш жараёнига тўсқинлик қилиши ҳақида гапирамиз.

Сиз овқатнинг муайян миқдори ўлчамига эътибор бермайсиз

Кўпчилик фойдали озиқ-овқатларни чекланмаган миқдорда ейиш мумкин деб ҳисоблайди. Бу катта хато. Ҳатто ёрмалар, қора ундан қилинган макаронлар ёки ширин мевалар каби фойдали озиқ-овқатларни ҳам чекланмаган миқдорда истеъмол қилиш сизнинг озиш учун қилаётган ҳаракатларингизни йўққа чиқариши мумкин.

Қандай тузатиш керак?

Ошхона учун тарози сотиб олинг ва истеъмол қилаётган ҳамма озиқ-овқатларингизни ўлчанг.

Ўрамларда ва жадвалларда 100 грамм ишлов берилмаган маҳсулотнинг калорияси кўрсатилишини эсингизда тутинг, хом ва пишган маҳсулотларнинг оғирлиги эса бир-биридан анча фарқ қилиши мумкин. Шунинг учун озиқ-овқатларни ёки тайёрлашдан олдин ўлчанг, ёки жадваллардан тайёр озиқ-овқатларнинг калорияси тўғрисида излаб кўринг.

Сиз қовурилган таомларни афзал кўрасиз

Қовуриш жараёнида фойдаланиладиган ўсимлик ёғи таомнинг калориясини жуда ошириб юборади.

Қандай тузатиш керак?

Бошқача тайёрлаш усуллларидан фойдаланинг: озиқ-овқатларни духовкада пиширинг, буғда тайёрланг.

Ёғсиз қовуриш имконини берадиган, куйишга қарши қоплама ўрнатилган това сотиб олинг.

Агар қовуришда ёғ ишлатмоқчи бўлсангиз, уни товага бутилкадан қуйманг, това устини чўткача билан бироз мойласангиз етарли бўлади.

Сиз ҳаддан ташқари кўп фойдали ширинликлар ейсиз

Кўпинча конфет ва печеньеларни фойдалироқ ширинликлар: ёнғоқлар ва қуруқ меваларга алмаштиришни маслаҳат беришади. Ҳа ҳақиқатан ҳам уларда фойдали моддалар жуда кўп, лекин калорияси ҳам анча катта.

Қандай тузатиш керак?

Қуруқ мевалар ва ёнғоқлар қўйилган ликопларни кўринмайдиган жойга қўйинг.

Фойдали ширинликларни ейишдан олдин, уларни ўлчанг ва калориясини ҳисобланг.