Жаҳонгир Ортиқхўжаев депутатлик сўровига жавоб берди

23.03.2019 | Ўзбекистон | 5028

Жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов Шайхонтоҳур туманидаги “Каттаҳовуз”, “Сузук ота”, “Эшонгузар”, “Янги Камолон”, “Камолон” маҳаллаларида бўлиб, у ердаги вазиятни ўрганганди.

Шу асосда, февраль ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари ходимларини зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш борасида шаҳар ҳокимлиги томонидан режалаштирилаётган ишлар юзасидан ахборот беришлари тўғрисида сўровнома юборилганди.

Мазкур депутатлик сўровига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан жавоб хати келди. Бу ҳақда Адолат социал-демократик партияси Матбуот хизмати хабар берди.

Унда “Янги Камолон” ва “Камолон” МФЙларида маҳалла маркази, савдо ва маиший шахобчалар ташкил этилиши, “Сузук ота” маҳалласининг қолган ички йўлларини асфальтлаш ишлари 2019 йилнинг охиригача амалга оширилиши режалаштирилганлиги кўрсатилган. Ҳудуддаги “Каттабоғ” маҳалласида мактабгача таълим муассассаси очиш лозимлиги борасидаги мурожаатга, ҳозирда Тошкент шаҳри бўйича эҳтиёж бор туманларда давлат ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида МТМларини ташкил этиш юзасидан ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида ахборот берилган.

Шунингдек, “Каттабоғ” маҳалласидаги Каттабоғ, Атиргул ва Самарқанд Дарвоза кўчаларига оқава сув тармоғини қуриб, шаҳар оқава сув тармоғига улаш ишларини Тошкент шаҳар бош режаси тасдиқлангандан сўнг амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эканлиги келтирилган. Ушбу режа концепцияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғига асосан, жорий йилнинг 20 май кунига қадар ишлаб чиқилиши белгиланганлиги маълум қилинган.

Шу билан бирга, депутатлик сўровида келтирилган камчиликларни бартараф этиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги назоратида эканлиги билдирилган. 

Ўз навбатида партия жавоб хатида кўрсатилган муддатларда ҳокимлик назорати остида юқорида келтирилган маҳаллаларда аҳоли учун керакли қулайликлар яратилишига умид билдирган.