Ҳиндистон ракетаси сунъий йўлдошни уриб туширди

27.03.2019 | Жаҳон | 5055

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистонни коинотни забт этган йирик мамлакатлар қаторига қўшилганини эълон қилди, деб ёзмоқда NDTV.

“Энди Ҳиндистон коинотни забт этган йирик давлатлар қаторига қўшилди. Ҳиндстонда ишлаб чиқилган ракета 3 дақиқадан кам вақт ичида Ерга яқин бўлган орбитада ҳаракатланаётган сунъий йўлдошни уриб туширди”, - деди Моди Ҳиндистон халқига қилган мурожаатида.

Бош вазир ушбу воқеани тарихий деб атади, ва шу вақтга қадар фақат 3 мамлакат: Россия, АҚШ ва Хитой бундай ютуққа эришганини айтди.

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган ракета Ердан 300 километр узоқликда ҳаракатланаётган сунъий йўлдошни уриб туширган. Энди ушбу ракеталар оммавий равишда ишлаб чиқарилади. Бош вазир ушбу миссия ҳеч қайси мамлакатга қарши қаратилмаганини ҳамда халқаро конвенция ва шартномаларга зид эмаслигини хабар қилган.   

Маълумот учун – Ҳиндистон 1947 йилдан буён ўз коинот дастурини амалга оширмоқда. Ҳукумат томнидан ташқил қилинган махсус ташкилот - ISRO ушбу йўналишда олиб борилаётган изланишлар ва ракета саноатини йўлга қўйиш ишларини мувофиқлаштириб келмоқда.