Таклиф: Аслида шаҳарларимиз қандай қурилиши керак?

30.03.2019 | Таҳлил | 5057

Февраль ойида Тошкент шаҳар ҳокимиятида туризм бўйича семинар бўлиб ўтганди. Асосий мавзу — Тошкентни туристлар учун қизиқарли шаҳарга айлантириш. Ушбу семинарга Жавоҳир Назаров орқали мен ҳам таклиф қилингандим ва мавзу бўйича қисқача презентация билан чиқиш қилдим. Презентацияда билдирган фикрларимни бироз тўлдириб бу ерда ҳам ёзяпман. Камида фикрлар презентация ичида қолиб кетмаслиги учун. Бу ердаги таклифларни бошқа шаҳарларга ҳам қўллаш мумкин, деб ёзади блогер Фарҳоджон ўз саҳифасида.

Таклифларнинг асосий қисми шаҳарни фақат туристлар учун эмас, умуман одамлар учун қулайлаштиришга қаратилган (турист — одам).

Архитектура

Ягона стил

Энг катта муаммолардан бири — биноларни ягона стилда қурилаётгани. Деярли барча давлат биноларининг ранги оқ, тўқ кўк шиша ишлатилган ва бинонинг таги жигарранг мармар.

Худди Тошкентни Ашхободга айлантиришмоқчидек. У ерда эски биноларни ҳам оқ рангга бўяб чиқишаркан. Мен учун шаҳарда қанча хилма-хил архитектурани кузатсам шунча қизиқ.Оқ ранг бизнинг халқ ва давлат арбоблари учун жуда муҳим бўлиши мумкин, лекин бу рангни, асосан, фон сифатида ишлатган маъқул. Тез жонга тегади. Биноларнинг ранглари ихтиёрий рангларда бўлиши мумкин: қизил, қора, кўк, пушти, яшил, сариқ ва ҳ.к. Баъзида ғиштдан қурилган биноларни шундоқлигича табиий материал билан қолдириш мумкин.

Эски шаҳар

Тошкентнинг «эски шаҳар» деб номланган географик қисми бор, лекин ҳақиқий «Эски шаҳар» сифатида туристларга кўрсатиладиган қисми йўқ. Европанинг кўп шаҳарларида шунақа махсус қисм бор. Қуйида Варшава, Рига, Минск, Баку шаҳарларининг «эски шаҳарлари» фотолари келтирилган.

Варшава

Баку

Ҳар доим ҳам шаҳарнинг тарихий архитектураси сақланиб қолмайди. Масалан, Варшавадаги эски шаҳар Иккинчи жаҳон уруши пайтида бузилиб кетган ва урушдан кейин қайта тикланган. Тошкентда ҳам тарихий фотолардан келиб чиқиб Эски шаҳар қайта тикланиши мумкин.

Бундан ташқари, шундоқ ҳам Тошкентнинг рамзи бўлган Чорсу бозорини қайта қуришда бозордан катта фойда олишнигина ўйламасдан, тарихий ёдгорлик ва Эски шаҳарнинг бир қисми сифатида ҳам қараш керак. Бу ҳақида Газета.уз жуда яхши ёзган: Угроза разрушения памятника «Чорсу базар» и его окрестностей.

Шаҳарсозлик

Ўзбекистон ва собиқ совет давлатларининг кўпида шаҳарсозлик яхши ривожланмаган: кир йўллар, парковкалар етарлимас, пиёдаларга қулайлик кам, тирбандлик, дарахтларнинг кесилиши ва ҳоказо. Бу қисмнинг асосий мақсади одамлар учун шаҳар қуриш: ҳам яшаётган аҳоли учун, ҳам туристлар учун.

Шаҳар дизайни йўриқномаси

Ҳалигача янги кварталлар қурилиши, уларда яшайдиган аҳоли учун қулайликлар яратиш, эски кварталларни қандай замонавийлаштириш бўйича йўриқнома йўқ. Лекин дунё тажрибасидан фойдаланишдан ҳеч ким бизни тўхтатиб тургани йўқ.

АҚШда НАCТО (Натионал Ассоcиатион оф Cитй Транспортатион Оффиcиалс) деган ташкилот бор. Бахтимизга, шу ташкилот шаҳарлар қурилиши бўйича жуда ажойиб йўриқномаларни чиқаради. Йўриқномаларда ҳамма нарса мавжуд:

Масалан, икки томонлама йўналишли «қуруқ» кўчани (бизда ҳали бунисиям йўқ аслида):

нормал парковка, хавфсиз, велосипед йўлакчаси ва дарахтлар билан қуйидагича такомиллаштириш таклиф қилиняпти:
 

Ёки бизда кўп учраб турадиган жуда кенг, фақат машина юрадиган кўчалар қуйидагича дизайн қилиниши мумкин:
 

Шунга ўхшаган лойиҳани Иля Варламов ва Максим Катс ишга туширган: Городские проекты Ильи Варламова и Максима Каца. Улар, биринчидан, НАCТЎнинг кўчалар дизайни бўйича йўриқномасини рус тилида китоб сифатида нашр қилишган. Яна троллейбуслартрамвайларпиёдалар ўтиш йўллари каби лойиҳалар қилишади. Умуман, Варламов шаҳар дизайни ҳақида жуда кўп ёзади. Лебедев студияси ҳам мавзе (квартал) дизайни бўйича консепт чиқаришган. Газета.уз ҳам яхши лойиҳа қилган: Ташкент Мечты.

Шу китоб ва тажрибаларни ҳокимиятда шаҳар архитектураси, кўчалар ва кварталлар дизайни билан шуғулланадиган одамларга мажбуран ўқитиш керак.

Шу китоб ва тажрибаларни ҳокимиятда шаҳар архитектураси, кўчалар ва кварталлар дизайни билан шуғулланадиган одамларга мажбуран ўқитиш керак.

Транспорт

Асосий мақсад: автобус бекатларини қулайлаштириш (қуйидаги фото), автобусларга кондиционерлар қўйиш, транспорт навигацияларни турли тилларда тайёрлаш, троллейбус ва трамвайларни қайтариш, парковкаларни оптималлаштириш. Ҳатто шаҳар ҳокимиятининг олдида ҳам парковка нормал режалаштирилмаганлиги учун машиналар кўчанинг 1-2 қисмини эгаллайди.

 

Яшил ҳудудлар

Бизда паркларни худди ҳар бир метр квадратидан пул ишлайдиган ер сифатида қарашади: ичига иложи борича кўпроқ аттракцион ва магазинлар «тиқишади». Аслида, паркларнинг асосий мақсади шаҳар одамларини табиатга яқинроқ қилиш ва дам олишини таъминлаш.

Масалан, Ню-Ёркдаги Марказий парк ҳам, Проспект-парк ҳам 19-асрда (!) қурилган. Марказий паркни Ню-Ёрк аҳолиси 500 000 дан ошганда дам олишга жой қолмаяпти, деган хавотир билан қуришган экан. Проспект-паркни қуриш учун эса фермерлардан ер 5 миллион долларга сотиб олинган экан (ҳозирги кунда 147 млн доллар, бу сизга Наврўз паркининг қурилишимас). Қуйидаги фотоларга аҳамият беринг: катта майдон шунчаки табиатнинг бир бўлаги сифатида қолдирилган.

Бизнинг Марказий паркимиз аттраксиолар билан тўла. Ҳатто Экопаркда табиатнинг ўзи кам ва бир қисмига ҳатто Макро магазини қуришяпти. Баъзи давлатларда 19-асрдаёқ қўлланилган тажрибани наётки 21-асрнинг Ўзбекистонида қўллаб бўлмаса?

Дарахтларни кўпайтиришдан аввал уларни кўр-кўрона кесишни тўхтатиш лозим. Кўчаларга кўпроқ дарахтлар экилсин. Ҳатто йўлларнинг ўрталарига ҳам экиш мумкин (Цингапурдагидек). Кўпроқ ўриндиқлар пайдо бўлсин шаҳарда. Баъзи кўчаларни фақат пиёдалар юрадиган қилиш мумкин (камида дам олиш кунлари, худди Киевдагидек).

Панжаралар ва чекловлар

Тошкентнинг (ва бизнинг менталитетнинг) жуда катта камчиликларидан бири — ёпволиш. Парк? Панжара қур атрофига. Ҳокимият биноси? Панжара қур! Олимпия қўмитаси? Панжара! Аэропорт? Ие, панжара ва киришга милиция ходимини қўй! Вокзал? Панжара ва билети борларниям пасспортини 4 марта текшириб кирит!

Баъзида ҳайрон қоламан: бонг уриб меҳмондўст халқмиз дейишимиз қаердаю, бунақа осмондан олиб тўсиқлар қўйишимиз қаерда? Телевизорда ҳамма гапираётгани каби мен ҳам айтишим керак: сўнгги 2-2,5 йилда Ўзбекистон батамом ўзгариб кетди, фалонча давлатга визани бекор қилдик, фалон-фалон нарсаларда дунёда етакчига айландик. Лекин: муносабат янгиликдан (ёт нарсадан) қўрқиш устига қурилган бўлса, «эски даврлар» яна қайтиб қолиши ҳеч гапмас.

Суратга олишга қўйилган чеклов ҳам шунга ўхшаш: ҳақиқий хавф туғиладиган жойлардагина тақиқланиши етарли. Бундан ташқари, ушбу тақиқ ўтган асрдан қолиб кетган: ҳозирги технологиялар ривожланган замонда сездирмасдан фото/маълумот оладиган қурилмалар етарли. Масалан, шаҳар ҳокимияти ҳудуди ҳам панжара билан ўралган ва суратга олиш тақиқланган (милиция ходимлари пойлаб туришади). Бунақа ҳолатда ҳокимиятнинг ўзи мисол бўлиши керакмасми?

Дизайн кодекси (коди)

Бунда шаҳарнинг ўзига хос дизайн коди бўлиши:

  • логотипи;
  • дизайн тизими: типографикаси, пешлаваҳалар, кўрсаткичлар, баннерлар каби;
  • ягона навигация тизими (Москвадагидек);
  • оммабоп жойларда шаҳар харитаси.

Онлайнда мавжудлик

Қидирув тизимларида шаҳарнинг асосий ресурсларини юқорига кўтариш лозим. Реклама ҳам бериш керак бўлади баъзида. Шаҳар ҳақидаги Википедиядаги мақолаларни инглиз, рус тилларида текшириб, тўлдириб бориш, кенгроқ ёритиш. ТрипАдвисор сайтида сайёҳларнинг саволларига жавоб берадиган одамларни тайинлаш ҳам фойдали.

Бизнес

Тан олиш керак, Тошкент тарихий обидаларга бой бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари билан рақобат қилолмайди. Тошкентнинг асосий вазифаси — Ўзбекистоннинг бизнес маркази бўлиш. Бу ҳам эътибор бериш лозим бўлган катта хусусият. Асосий таклифлар:

  • ихтиёрий одам уйининг бир қисмини Аирбнб орқали ижарага бера оладиган бўлсин;
  • ва бунда яшаш жойи сифатида рўйхатдан ўтиш талаб ҳам қилинмасин — дунёнинг ривожланган давлатларида бунақа эскирган чекловлар йўқ;
  • аэропортга бизнес кирсин: такси сервислари, мобил операторлар, озиқ-овқат ва ҳ.к. Ҳозир аэропортдан чиққанда 3 километрга 15 доллар сўрайдиган таксичилар қучоқ очиб кутиб олишади. Шахсан мен бунақа «кийдирадиган» давлатга қайтмасдим турист сифатида.
  • ва албатта, интернет алоқасининг тезлиги сифатли бўлиши лозим.

Санъат ва маданият

Маънавият эмас! Шаҳар ва давлатни кўриш учун келаётган одамлардан бизнинг (баъзида ахмоқона) тартибларимизни талаб қилишимиз нотўғри. Кўпроқ туристларни жалб қилмоқчимизми, демак, турли фикрлар, маданиятлар ва ўзимизга ўхшамаган одамларга очиқ бўлишимиз лозим. Бу бўйича таклифлар:

  • турли фестиваллар ўтказиш: кўча фестиваллари жуда ажойиб. Фестивалларни дунёнинг бошқа давлатларида ҳам ўтказиш мумкин: масалан, Ню-Ёркда. Бу бошқа халқларни бизнинг маданиятимизга қизиқтириши мумкин.
  • кўргазмалар ташкил қилиш;
  • кўчада турли концертлар ўтказиш;
  • кўча санъати (уйлар ва деворларга чизиладиган расмлар, арт-объектлар) учун махсус жойлар ташкил қилиш: биздан ҳам Бенкси чиқсин;
  • ҳар хил ҳайкалларни (фақат ота-боболаримизнингмас) кўпайтириш ва иложи бўлса, катта (Ню-Ёрк ёки Таиланддагидек) ҳайкал ясаш.

Остин

Техас штатининг Остин шаҳрида тугалланмаган бино ўрни кўча рассомларига берилган: хоҳлаган одам бориб турли расмлар чизиши мумкин. Шаҳарга келадиган туристларга қизиқ жойлардан бири.

Муносабат

Ва ҳар қандай ҳолатда ҳам энг муҳими — муносабат. Ҳозирги вазият ўзгармайди агар:

  • ҳокимият президент қарори билангина шаҳарга туристларни жалб қилиш ҳақида ўйласа;
  • одамлар шаҳардаги яхши ўзгаришларни давлатдан кутиб ўтирса;
  • мансабдор шахслар оддий одамларнинг муаммоларидан узоқдан бўлса;
  • калта ўйлаш орқали дарахтларни кесиш ёки фақат пулнинг кетидан қувилса.

Юқорида айтганимдек, биз ҳамма нарсани нолдан қайта ихтиро қилишимиз шартмас. Шаҳарсозлик бўйича дунёда тажриба етарли ва шу тажрибани қўллашдан бошлаш мумкин ишни.

Ва бунда ҳамманинг комфорт зонаси каттароқ бўлиши кифоя.

Масалан, қуйидаги фотоларнинг биринчиси Шайҳонтоҳур тумани ҳокимияти ёнида олинган (2017-йил): тротуар кир ва лой, сув тўпланган, автобус бекатидан тротуарга нормал ўтиб бўлмайди, ҳамма жойда машиналар. Катта эҳтимол билан, ҳокимиятда ишлайдиган одамлар шу манзарани ҳар куни кўради, лекин бу муаммоларни тузатиш «уларнинг ишимас» ва «юқоридан» буйруқ бўлгандагина қилинади.

Иккинчи фотода эса машина эгаларининг комфорт зонасига кўлмакка айланган тротуар кирмайди. Бошқа томондан қараганда, чапдаги магазинларнинг мижозлари айнан шу тротуар орқали юриб (сузиб?) бориши лозим ва камида мижозлар учун тротуарни тузатиш тўғри иш. 

 

 

Тамом!