Халқаро облигация сотилишидан тушган маблағлар нимага сарфланиши маълум қилинди

03.04.2019 | Иқтисод | 4457

Президент имзолаган қарорда халқаро облигация сотилишидан тушган маблағлар нимага сарфланиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

2019 йил февралда жаҳон молия бозорларида Ўзбекистоннинг 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигациялари жойлаштирилган эди.

2019 йилнинг 2 апрель санасида имзоланган Ўзбекистон Республикасининг илк суверен халқаро облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағлардан самарали фойдаланиш тўғрисидаги президент қарори билан маблағлар мамлакат ва халқ фаровонлигини янада ошириш, стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида тегишли фоизлар билан қайтариш шартларида қуйидагиларга йўналтирилади:

889,2 млн. АҚШ доллари аукцион орқали тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилади;

20 млн. АҚШ доллари «Агробанк» АТБга қарз сифатида берилади;

89,9 млн. АҚШ доллари «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасига ссуда сифатида берилади.