Тошкент пропискаси ва давлат божи ставкалари: қарор лойиҳаси муҳокамадан олиб ташланди

03.04.2019 | Ўзбекистон | 5136

“Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Лойиҳада Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда ундириладиган давлат божи билан боғлиқ масалалар назарда тутилган эди.

Хусусан, қарор лойҳасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан кўчмас мол-мулк сотиб олинганда – шартнома суммасининг 5 фоизи, аммо энг кам ойлик иш ҳақининг камида 10 баравари миқдорида;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 3300 бараваридан кам бўлмаган миқдорида янги қурилган кўчмас мол-мулк сотиб олинганда – шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундириш ёзилган эди.

Адлия вазирлиги давлат божи ставкаларини комплекс кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб ҳамда прописка масаласида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласи қўшимча ўрганилаётганлиги сабабли лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан олиб ташланганлигини маълум қилди.