Ўзбекистонда фоҳишабозликка қарши қатъий чоралар кўриш таклиф этилди

04.04.2019 | Ўзбекистон | 5359

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жамиятда фоҳишабозликка қарши қатъий чоралар кўриш ҳақида петиция жойлаштирилди.

Петиция муаллифи фикрига кўра, фоҳишаларга ёки ушбу шароитни яратиб бераётган шахсларга жазо берилиши етарли эмас.

“Жамиятда фоҳишаликни ва шунга тенглаштирилувчи бузуқлик ҳолатларини камайтириш учун фақатгина фоҳишаларга ёки ушбу шароитни яратиб бераётган шахсларга жазо берилиши етарли эмас, балки шунда бевосита иштирок этган эркак ёки эркаклар учун ҳам маъмурий, жиноий жазо чоралари қўлланилсин, тегишли чоралар кўрилсин”, - дейилади мурожаатда.

Петицияда ёзилишича, қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилиб, далил билан ушланган мазкур ҳолат иштирокчиси учун биринчи марта содир этилса, жарима белгилаш, иккинчи марта содир этилса, 15 сутка маъмурий қамоқ, учинчи мартада 1 йилгача аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш чораларини белгилаш таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун имзоланганди.

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан фоҳишалик учун жарима миқдори оширилди, бу иш билан шуғулланиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жарима солинишига олиб келади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача).

Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима).

Ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди (бунинг учун 18 ёшга қадар паспорт олиш керак).