Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мирзиёев сусткашликка йўл қўйган раҳбарларни қаттиқ танқид остига олди
4.04.2019 21:53,  
3

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Биринчи чоракда мамлакатимиз бўйича бюджет тушумлари тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп ижро этилган. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолди.

Маҳаллий бюджетда қанча кўп даромад бўлса, долзарб бўлган ижтимоий масалаларни шунча тезкорлик билан ҳал қилиш мумкин, деди давлатимиз раҳбари. Қўшимча маблағлар, жумладан, «Бешта ташаббус», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ичимлик суви», «Ҳар бир оила тадбиркор» каби давлат дастурларини жойларда тизимли амалга ошириш, халқнинг даромадини кўпайтириш ва ҳаётини яхшилаш учун зарур бўлади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу вазифани ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга жами тушумлар прогнози 9 та туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан 7 тасида туманида жами тушум прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарларини бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушум прогнози бажарилмаган бир қатор туман ва шаҳар солиқ идоралар раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.

Маълумки, Ўзбекистон солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий мақсади солиқ юкини тенг тақсимлашдан иборат.

Президентимиз таъкидлаганидек, солиқ ислоҳотларини самарали амалга ошириш учун ҳукумат олдида жуда кўп вазифалар турибди.

Жумладан, жорий йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари самарали тоашкил этилмаганлиги сабабли ушбу тизимга янги ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси тегишли солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда халқаро экспертлар билан бирга Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бюджет тушумларини таъминлашдаги асосий тўсиқлардан бири иқтисодиётда норасмий фаолиятнинг сақлниб қолинаётганидир.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бу борадаги ишлар натижалари мутлақо қониқарли эмаслигини таъкидлади. Шу сабабли бу борада қабул қилинган дастурий чораларни жонлантириш топширилди.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш ва уларга фаолиятини тиклашга кўмак бериш графигини тасдиқлаб, ижросини таъминлаш топширилди.

Кўриниб турибдики, жойларда ҳали ҳам мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш чоралари кўрилмаяпти.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида таъкидлаб ўтилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин.

Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд.

Шу билан бирга йиғилишда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.

Бу борада иккинчи чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 миллиард долларга кўп экспортни амалга ошириш вазифаси турганлиги таъкидланди.

Жумладан, апрель-июнь ойларида ҳокимликлар биринчи чоракка нисбатан 3 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаши зарур, деб таъкидлади Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари бу борада айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилар ва ҳудуд раҳбарларини мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди.

Экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устунлик жиҳатларимиз мавжуд, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш бўйича қисқа муддатларда амалий таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Экспорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштириш, товарлар учун назорат идораларидан руҳсат олишни соддалаштириш бўйича қатор вазифалар турибди. Мисол учун, мамлакатимизда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соату 20 дақиқа кетади, холос.

Экспорт учун руҳсатномалар беришда «Ягона дарча» тизими тўлиқ ишга тушмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга руҳсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим.

Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига руҳсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи «Ягона дарча» тизимини жорий этиш топширилди.

Давлат божхона қўмитасига яппи пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Президентимиз экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Бу борада экспорт бозорларида мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек, «Ўздавкарантин» инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларни хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида, чет эл карантин хизматлари билан ўзаро муҳокамалар ўтказиб, бизнинг экспортчилариимиз учун қулай шароитларни яратиш чораларини кўриш топширилди.

Транспорт-логистика ҳаражатларининг юқорилиги мамлакат экспорт саолҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ушбу масалани ечими йўлида биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойида мамлакатга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди.

Бу борада Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, «ягона дарча» тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш юкланди.

Бундан ташқари, юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берилди.

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбарининг экспорт тушумлари барқарор ва ўз вақтида келиб тушиши учун шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан