Уяли алоқа компаниясини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган фуқаро қўлга олинди

05.04.2019 | Жамият | 5179

4 апрель куни номаълум шахс Beeline уяли алоқа компаниясига қўнғироқ қилиб, ҳисоби тўлдирилган бўлса ҳам қўнғироқ қилолмаётгани, агар 5 дақиқада ҳисоб рақамини ёқмаса, компанияни портлатиб юборишини айтиб, алоқани узиб қўйган, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор аниқлов тадбирлари натижасида ушбу қўнғироқни Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Нурафшон МФЙда яшовчи В.М. амалга оширгани аниқланди. У бу вақтда маст ҳолда ва алоқа тармоғи яхши ишламаганлиги сабабли қўнғироқ қилган.

Ҳозирги вақтда В.М. қўлга олинган, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.