Монополияга қарши курашиш қўмитаси GM Uzbekistan᾽га қарши кескин баёнот билан чиқди

11.04.2019 | Жамият | 6012

GM Uzbekistan АЖни жорий йилнинг 10 апрель кунидаги ахбороти юзасидан Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси расмий баёнот берди.

Хабарда ёзилишича, Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси истеъмолчиларнинг мурожаатларига асосан 2018 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, реализация қилинган автомашиналар комплектацияларида етишмовчиликлар ҳолатлари аниқлаш билан шуғулланишни бошлаган ва аниқланган камчиликларни бартараф этилиши устидан алоҳида назорат ўрнатган. Ҳозирда ушбу ҳолат жиддий ўрганиб чиқилмоқда ва бугунги кунга келиб, етишмовчиликлари мавжуд 90 фоиз автомобилларда ушбу ҳолат бартараф этилган.

Шу билан бирга, баёнотда юзага келган вазият бўйича монопол мавқега эга компаниянинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтиргани таъкидланган.

Маълумки, автомобил ишлаб чиқариш индустриясида фаолият юритаётган глобал компаниялар одатда камчиликлар аниқланганда сотувга чиқарилган автомобилларни оммавий тарзда қайтариб оладилар ва зудлик билан нуқсонларни бартараф этадилар. Энг асосийси, уларнинг бизнес юритиш анъаналарига кўра улар истеъмолчилар ва мижозлардан ошкора оммавий тарзда узр сўрайдилар (мисол учун, Toyota, Volkswagen ва бошқа компаниялар). Бу эса, ушбу компанияларда юқори корпоратив маданият, бизнес-этикаси ва ижтимоий жавобгарлик стандартлари жорий этилганлигидан далолат беради, дейилади расмий баёнотда

Монополияга қарши курашиш қўмитаси GM Uzbekistan АЖни хатти-ҳаракатларида қуйидагини кузатиш мумкинлиги қўшимча қилган.

Хусусан, комплектацияларида етишмовчиликлар мавжуд бўлган автомашиналар оммавий тарзда қайтариб олинмаган ёки етишмовчилик тўғрисида тегишли тартибда эълон қилинмаган, ушбу вазият бўйича кўп ҳолатларда истеъмолчиларга тегишли тарзда маълумотлар берилмаган, уларни бартараф этиш учун қулайликлар яратилмаган, масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод (узоқлик – 150 км), Бўка (80 км.), Чирчиқ шаҳарларида (100 км) автомобил харид қилган истеъмолчилар туманга қарши ёритгич ўрнатиш учун Чиноз туманига келишга мажбур бўлганлар, камчиликни бартараф этиш муддатлари чўзиб юборилган, алоҳида ҳолатларда 2018 йилнинг октябрь ойида сотиб олинган автомобилларга бугунги кунга (6 ой ўтган) қадар комплектацияни бутлаш иши амалга оширилмаган.

“Юқорида келтирилган ҳолатлар, бозорда муайян хўжалик юритувчининг монопол мавқеи вужудга келиши унинг истеъмолчилар олдидаги маъсулияти пасайишини келтириб чиқаришига яна бир бор далил бўлмоқда”, - дейилади хабарда.