Термизда катта миқдорда бюджет маблағларини талон-тарож қилган шахс ушланди

14.04.2019 | Жамият | 5212

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарё вилоятида юз берган катта миқдордаги талон-тарожлик жиноий иши ҳақида хабар берди.

"Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Термиз тумани архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи бош ҳисобчиси Ш.Х. коллежнинг 5 нафар собиқ ишчи-ходимларининг номига 2017-2018 йиллар ва 2019 йил 2 ойи давомида жами 221,8 млн. сўм иш ҳақи ёзиб, уларнинг номидаги пластик карточкаларга ойма-ой тушириб олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб, бюджет маблағларини талон-торож қилганлиги аниқланган", - дейилади хабарда.

Текширув давомида бюджетга етказилган зарардан 100,3 млн. сўм ундирилиши таъминланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ш.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.