Лондон Тошкентнинг Афғонистон бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади

16.04.2019 | Жаҳон | 4376

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатлар фаоллашаётгани мамнуният билан қайд этилди. 2018 йили ўзаро савдо олдинги йилга нисбатан 37%га ўсиб, 235,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди, Буюк Британия Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестиция ҳажми бўйича 5-ўринни эгаллади.

Учрашувда Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди ва 2019 йилда ўтказиладиган тадбирлар режаси бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашиш чоғида Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди.

“Британия томони афғонлараро тинчлик мулоқотига кўмаклашиш ва Афғонистонда йирик инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади”, - дейилади хабарда.

Учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шу жумладан, Ўзбекистон таълим муассасалари амалиётида тегишли стандартлар ва тажрибани қўллаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.