Тошкентда уч опа-сингилнинг ўлимида айбдор деб топилган шифокор оқланди

16.04.2019 | Жамият | 5802

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция шикоятини кўриб чиқиб, шифокор Нодир Тўлагановни Олмазор туманида уч опа-сингилнинг ўлими ҳақидаги иш бўйича айбсиз деб топди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди маълум қилди.

Ўтган йилнинг октябрида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий педиатрия тиббиёт маркази шифокори 34 ёшли Нодир Тўлаганов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) бўйича айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Аммо ҳимоя томони судга шифокор йўриқнома бўйича иш тутиб, қонунни бузмаганини исботлади. Жонлантириш бўлимида опа-сингилларнинг энг кичиги вафот этгач, шифокор қандайдир юқумли касаллик ташхисини қўйиб, болаларни тегишли тиббий муассасага юборишга қарор қилади. Шифокор бундай қарорни ички йўриқномага мувофиқ қабул қилганини тушунтирди: у юқумли касалликка чалинган болаларни режали операциялар билан шуғулланадиган клиникада қолдира олмас эди. Агар бу заҳарланиш эмас, хавфли инфекция бўлиб чиқса, марказдаги ўнлаб беморларга юқиши мумкин эди.

Шунингдек, қизларнинг ота-онаси аввалги кўрсатмаларни улар прокуратура терговчилари босими остида берганини айтиб, шифокор Тўлагановга нисбатан даъволари йўқлигини маълум қилган.

Нодир Тўлаганов аввалги лавозимига тикланиш ҳуқуқи билан тўлиқ оқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда туғилган Муниса, 2011 йилда туғилган Мухлиса ва 2013 йилда туғилган Моҳира Қосимовалар 2017 йил 8 ноябрь куни тиббиёт муассасаларида вафот этган эди. Мазкур ҳолат юзасидан 9 ноябрь куни Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.