Тожикистон президентининг ўғли Умид Аҳмаджонов ўрнини эгаллади

24.04.2019 | Спорт | 6566

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол ассоциациясининг навбатдаги кенгаши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тожикистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Душанбе шаҳридаги Hyatt Regency Dushanbe меҳмонхонасида ўтказилган йиғилишда Марказий Осиё футбол федерацияси ассоциациясининг (Central Asian Football Association) янги раҳбари сифатида Тожикистон Футбол федерацияси президенти Рустам Эмомали сайланди.

У эндиликда ташкилот раҳбарлиги лавозимида ишлаб келган Ўзбекистон Футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ўрнида фаолият юритади.

Шунингдек, CAFA штаб-квартираси Тошкентдан шаҳридан Душанбега кўчирилади. 

Қайд этилишича, кенгашда Қирғизистон Футбол федерацияси вице-президенти Дастанбек Конокбаев ташкилот биринчи вице-президенти этиб, Туркманистон Футбол федерацияси бош котиби Арслан Айназаров эса CAFA нинг вице-президенти этиб сайланган.

Маълумот учун, 2014 йил 10 июнда ташкил этилган ташкилот Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон футбол ассоциациясини бирлаштириб туради. Ушбу ташкилотга Мираброр Усмонов ва Умид Аҳмаджонов каби ўзбекистонлик футбол расмийлари ҳам раҳбарлик қилган.