Навоий вилояти АҚШнинг Небраска штати билан биродарлашди

03.05.2019 | Ўзбекистон | 4462

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахабов мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етакчи региони бўлган Небраска штатига ишчи сафарни амалга оширди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

Небраска губернатори Пит Рикеттс билан ўтказилган музокаралар натижасида Навоий вилояти ва Небраска штати ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, томонлар Рикеттс бошчилигида штат савдо миссиясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама этганлар.

Шунингдек, ишчи сафар давомида Омахадаги Небраска университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унга кўра алмашинув дастурлари, ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш, халқаро муносабатлар, иқтисод ва журналистика, бизнес бошқаруви, банк иши ва маркетинг соҳаларида икки диплом тизимини жорий этиш назарда тутилган.