Нью-Йоркда юз берган автоҳалокатда ўзбекистонлик болакай вафот этди

04.05.2019 | Жаҳон | 5029

2 май куни Бруклинда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида уч ёшли ўзбекистонлик бола вафот этди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси маълумотига таянган ҳолда. Боланинг ота-онаси АҚШда грин-карта бўйича яшамоқда.

Нью-Йоркнинг Daily News газетаси сайтида хабар қилинишича, болани онаси ва синглиси билан уйи яқинида самокатда ўйнаётган вақтда чорраҳада фургон уриб юборган. Бола хушсиз ҳолда Кони-Айленддаги шифохонага ётқизилган, бироқ олган жароҳатлари ортидан ўша ерда вафот этган.

Daily News нашрининг қайд этишича, ҳалок бўлган бола хотирасига маҳаллий аҳоли ҳодиса жойига гуллар келтирмоқда.

ТИВ консуллик департаменти боланинг ота-онаси ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, Ўзбекистон фуқаролари Нью-Йоркдаги бош консулхонага консуллик округи ҳудудида +1- 212 230−1341, 754−7403, 838−9812 рақамлари ёки [email protected] электрон почтаси орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.