Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: Ўзбек тилини ривожи учун жамоатчилик асосида ташаббус гуруҳи ташкил қилиш вақти келди

07.05.2019 | Таҳлил | 4592

 Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўзининг фейсбук саҳифасида ўзбек тили доирасида баҳсларга муносабат билдирар экан, келажакда Тил қўмитасига замин бўладиган Ташаббус гуруҳи ташкил қилиш таклифи билан чиқди. 

“Тилимиз, ватанимиз, давлатчилигимиз ва мустақиллигимиз тақдирига ичи ачийдиган, тилнинг назарий ва ижтимоий хусусиятларини юракдан ҳис этадиган ватандошлар!

СИЗЛАРГА БИР ТАКЛИФ билан мурожаат қилмоқчиман.

Давлатчиликнинг энг асосий ва муҳим асосларидан бири бўлмиш тил масаласи бугун ўта долзарб муаммо бўлиб турибди!

Ўзбек тили сўнгги чорак аср давомида деярли эгасиз қолгани оқибатида тобора бузилиб бораётгани, сиёсий ва ижтимоий мавқеи тушиб кетаётгани, замон талабига жавоб бера олмай қолаётгани туфайли тахминан ўн йиллардан бери давлат тузилмаси ўлароқ бир ТИЛ ҚЎМИТАСИ тузиш, тил тақдирини давлат ўз қўлига олиши лозимлигини таклиф этиб келаман.

Ҳозиргача бу ишнинг аҳамияти тўла ҳис этилмади, таклиф писанд қилинмади, натижада бугунги аҳволга тушиб ўтирибмиз: халқдан узилиб қолган, ўзлигини деярли йўқотган бир гуруҳ "зиёли" давлатчилигимиз асосига - тилимиз мустақиллигига орқадан хоинона ҳамла қилишга журъат этди!

Энди бу ишни шундайича қолдириб бўлмайди. Бугун давлат тузилмаси ўлароқ Тил қўмитаси туза олмас эканмиз, ҳеч бўлмаса, ЖАМОАТЧИЛИК АСОСИДА БИР ТАШАББУС ГУРУҲИ ташкил этиш вақти келди!

Бу масалага бефарқ бўлмаганлар шарҳларда муносабатларини билдиришсин, иштирок этмоқчи бўлганлар ёзилишсин. Гуруҳнинг ўн ё ўн беш кишидан иборат ўзак аъзолари бир-икки кун ичида тўпланишга ҳаракат қиламиз. Қўллаб-қувватлайсизлар деб умид қиламан.”