Хорижий инвестордан 47 минг долларни пора сифатида олган терговчи узоқ муддатга қамалди

09.05.2019 | Жамият | 4898

Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Мирзо Улуғбек туман Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти катта терговчиси билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Ориф Қиличевнинг «Куч адолатда» газетасида эълон қилинган мақоласида сўз боради.

2017 йил август ойида Туркия фуқароси Осмон Бозкуртга тегишли «Serbo Textile» масъулияти чекланган жамиятида 129 тонна тайёр трикотаж маҳсулоти камомади аниқланади. Дастлабки суриштирувларда бу маҳсулотлар талон-торож қилингани маълум бўлади.

Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга берилган ариза туфайли ушбу ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят иши туман прокуратураси катта терговчиси Валижон Алиевга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) топширилади.

Жиноят ишига гувоҳ сифатида чақирилган О.Бозкурт ўз таржимони билан келганидаёқ терговчи пора олиш бўйича олдиндан ўйлаган режасини амалга оширишга киришади. Дастлаб таржимон У.Акрамовнинг уяли телефон рақамини сўраб олади. Терговчи жиноят иши бўйича жамият ходимларини у орқали чақириб туради. Шу тарзда икковлон ўзаро гаплашиб, яқин муносабатда бўлиб қолишади. Аслида В.Алиевга мана шундай илиқ муносабат керак эди.

Терговчи О.Бозкуртга тегишли яна бир корхона, яъни «Bf Textile Produktion» масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан ҳам тафтиш ўтказишни бошлайди. Шу муносабат билан 2017 йилнинг октябрь ойи охирида таржимонни ўз хизмат хонасига чақиради ва унга фабрикага тегинмаслик, фабрикадагиларнинг айбини топилган ҳолда жарима қилмаслик ва зарарни тўлиқ ундириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари беришини тушунтиради. Таржимон чўтал ҳақидаги хабарни таъсисчи О.Бозкуртга етказади.

Буни эшитиб, хорижлик инвесторнинг жаҳли чиқади. Лекин агар «ўғриларни топиб бериб, ҳаммасини қонуний ҳал қилса, зарарни ундириб берса, майли, айтганини берамиз» деган ўй билан пулни бир неча кунда тахт қилиб беришини айтади. Бу орада терговчи таржимонга бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ етказишини талаб қилади.

Тез орада айтилган маблағ етказилади. Пулни қўлга киритган терговчи таржимонга жиноят иши бўйича корхонанинг бошқа фаолиятига кўз юмишини, камомад бўйича айбдорни беш кун ичида топиб, жазога тортишини маълум қилади.

Бир неча кундан сўнг терговчи яна таржимонга қўнғироқ қилиб, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида жамиятдан сотилган тўқимачилик маҳсулотлари аниқланганини айтади. Корхона мутахассислари билан биргаликда ўша жойга бориб келиш зарурлигини тушунтиради. Икки нафар ходим терговчи билан бирга Учкўприк туманига етиб боради. У ерда топилган маҳсулотларни кўздан кечириб, омборга топшириб келишади.

Қарасаки, терговчидан ҳамма мамнун, барча ишлар ваъда бўйича кетяпти. Бундан фойдаланган В.Алиев яна таржимонга «ёрилади». Унга яқинда тўйи бўлаётганини, 5 минг доллар зарурлигини айтади. Таржимон бу ҳақда О.Бозкуртга айтади. О.Бозкуртнинг ҳам сўралган маблағни беришдан бошқа иложи қолмайди.

Айни чоғда, орадан вақт ўтган сари терговчи жуда суст ҳаракат қилаётгани хорижлик инвесторнинг норозилигига сабаб бўлади. О.Бозкурт таржимонга ҳали ҳам асосий айбланувчилар топилмагани учун жаҳли чиқаётганини билдиради. Терговчи ваъдасини унутганини, шунинг учун камомадни қоплаш чоралари кўрилмагани, айбдор шахслар аниқланмаганини айтади. Терговчи билан жиддийроқ гаплашиш учун уни чақиртиришни талаб қилади. Шундан сўнг В.Алиев, О.Бозкурт ва У.Акрамов учрашади. Шунда терговчи таржимонга қараб:

— Хўжайининга тушунтир, озроқ кутиб турсин, ваҳимага асос йўқ. Айбдорни тез кунда қамоққа оламан.

Бироқ терговчи жиноят иши бўйича аниқланган зарарни тўлиқ ундирмай, қолаверса, жиноят иши бўйича фақатгина 3 нафар шахсни айблаб, асосий айбланувчиларга чора кўрмай, ишни судга юборади. Аммо суд томонидан жиноят иши қўшимча терговга қайтарилади. Шунда терговни яна В.Алиев давом эттиради. Ва яна «эски ҳунари"ни бошлайди.

Жабрланувчига «Тўйда қарз бўлиб қолдим, 15 минг доллар берсангиз, барча жиноятчиларни топиб, етказилган зарарни тўлиқ ундириб бераман» деб ваъда беради. О.Бозкурт ёнидан 7 минг 500 АҚШ доллари чиқариб унга тутқазади.

Шундай қилиб, терговчи В.Алиев хорижий инвестор О.Бозкуртнинг жами 47 минг 300 доллари миқдоридаги пулини шилиб олади. Лекин дўпписи тор келган терговчи ваъдасини бажара олмайди. Унинг қуруқ ваъда билан алдаб юрганини тушунган жабрланувчи охир-оқибат ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилади. Натижада терговчи 15 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.