Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Депутат Расул Кушербоев: Ҳокимларни сайлаш масаласи амалга ошиши керак
10.05.2019 08:14,  
362

Сайтимиз меҳмони таниқли депутат, ижтимоий тармоқлар ва қатор сайтларда ўзининг очиқ-ошкора мулоҳазалари билан танилган фаол арбоб Расул Кушербоев. У 1987 йилда Тошкент вилояти, Янгийўл туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мутахассислиги – халқаро журналистика. “Янгийўл” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Ҳурматли депутат, сайтимизда интервью беришга рози бўлганингиз учун ташаккур.

Ҳар қандай инсон ёшлигида қандайдир касб эгаси бўлишни режалаштиради. Сизнинг ёшлигингиз халқ турмушида депутатларнинг ўрни у қадар юксак бўлмаган даврда кечган. Нима учун депутатлик йўлини танлагансиз?

- Депутатлик касб эмас, уни танланадиган йўл ҳам деб бўлмайди. Масалан, мен болалигимдан учувчи бўлишни орзу қилганман. Бироқ вақт ўтган сайин бу орзу ўрнини бошқа истаклар эгаллай бошлади. Ўспиринлик вақтида тушундимки, инсон қайси касбни эгаллашдан қатъий назар ўша касбнинг ҳақиқий эгаси бўлиши керак экан.

Депутатликка келсак, бу вақт ўтиши билан пайдо бўлган ҳохиш ва вазият тақозоси натижаси деб ўйлайман. Депутатликка интилмаганман, бироқ бу ҳақда таклиф тушганида ниҳоят кўп вақтдан буён ўйлаб юрган ғоя ва таклифларимни амалга ошириш имконияти бўлиши мумкин, деган истак пайдо бўлган. Энди эса депутатлик аслида чекимга тушган иш эканлигини англаяпман. Бундан хурсанд ҳам хафа ҳам бўлмайман, умрим давомида босиб ўтишим, бажаришим керак бўлган вазифа бу. 

 Парламент қонун чиқарувчи ҳокимият ҳисобланади. Нима учун депутатлар ўз нутқида Президентдан жуда кўп иқтибос келтиради? Ёки давлатимизда Президентнинг бошқа ҳокимиятларни мувозанатловчи алоҳида юридик мақоми мавжудми?

- Нима учун иқтибос келтиришларини билмайман. Бу, менимча, депутатлардан ташқари кўпчилик қиладиган иш бўлса керак. Бу ё хислат ё касаллик. Фикрни давлат раҳбари сўзларидан бошлаш кейинчалик бўладиган муносабатларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва салбий оқибатлардан асраш учун суғурта сифатида кўрилса керак.

 Ғарбдаги ривожланган давлатларда депутатлар коммунал масалаларга аралашуви, бирор-бир фермерга трактор олиб берилишига, муайян ҳудуднинг газ таъминотини яхшилашга ёрдамлашиши кузатилмайди. Бизда эса бундай ҳолатлар кўп кузатилади? Бунга сабаб нима?

- Бизда маҳаллий Кенгаш яъни вилоят, туман ёки шаҳар даражасидаги жамоатчилик асосида фаолият юритувчи депутатлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида доимий иш режимида ойлик иш ҳақи эвазига ишлайдиган депутатлар бор. Фаолиятдаги асосий фарқ ҳам мана шунда. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз жойларида доимий бўлганликлари боис маҳаллий даражадаги масалалар: коммунал, ижтимоий инфратузилма ва бошқа шу каби муаммолар билан шуғулланишга кўпроқ имконият ва вақти бор. Шунингдек, маҳаллий даражадаги бундай муаммолар маҳаллий Кенгаш депутатларининг турли дастурларни тасдиқлаши. Шу ишлар доирасида сиз юқорида айтган масалалар билан ҳам шуғулланишлари мумкин.

Бироқ сўнгги вақтларда Олий Мажлис депутатлари ҳам қонун ижодкорлиги фаолияти билан биргаликда ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида ўз сайлов округларида бўлиб, маҳаллий даражадаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашишмоқда. Бунда республика даражасидаги муаммолар алоҳида ўрин тутади. Бу аввало одамларнинг, сайловчиларнинг талаби, буни айни вақтдаги шароитимизда нормал қабул қилиш керак. 

Илгари парламентда баҳс деганда зиёлилар истеҳзоли қарарди. Бугун-чи? Парламентдаги эҳтиёткорона баҳслар қанчалик ҳаққоний?

- Яхшиси парламент мажлисларига келиб ўз кўзингиз билан кўрганингиз маъқул. Ҳозир мен нима дейишимдан қатъи назар бу холис жавоб сифатида қабул қилинмаслиги мумкин.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 8 декабрида «Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак» деганди. Ҳозир ушбу масалани парламент депутатлари муҳокама қилмоқдами? Амалга ошиши эҳтимоли мавжудми?

- Албатта, амалга ошиши керак. Бироқ, ҳозирча, бундай қонун лойиҳасини муҳокама қилаётганимиз йўқ. Ўйлашимча яқин вақт ичида қонун лойиҳаси тайёр бўлиб, муҳокамага киритилади.

Янги президент даврида хавфсизлик хизматини парламент назорат қилиши механизмлари қонунларда белгиланди. Давлат хавфсизлик хизмати парламентга ҳисоб беряптими?

- “Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунда Президентнинг Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Сенат томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонунда Давлат хавфсизлик хизмати Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасини ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан мунтазам равишда хабардор қилиши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур масалада Сенат ва унинг тегишли қўмитаси қандай фойдаланаётганидан мен Қонунчилик палатасидаги депутат сифатида хабардор эмасман.

Яна ўша “снос” масаласида саволга тутамиз. Сиз телеграмм каналингизда аҳолининг уйлари бузилиши ҳақида хабар берган “Озодлик” радиоси, Стив Свердлоу кабиларга “Ўз муаммомизни ўзимиз ҳал этамиз” қабилида жавоб бердингиз. Уйи бузилишидан норози фуқаро даставвал тегишли маҳаллий ташкилотларга, судга, депутатларга, маҳаллий ОАВга, борингки, президентга мурожаат қилганда ҳам муаммо ҳал этилмагач, қай усулда ҳал этиши мумкин, деб ўйлайсиз?

- Агар бошқа масъул идоралар чора кўрмаган бўлса, фақат ва фақат суд тартибида ҳал этиш керак. Чунки қонунчиликда бу ҳолатда суддан бўлак ҳал этиш йўли кўрсатилмаган. Агар биз қонунлар асосида яшайдиган ва шундай яшашга интилаётган мамлакат фуқаролари эканмиз, бундай муаммони ҳал этиш йўли шу. Нима бўлишидан қатъи назар суд ҳаммадан мустақил бўлиши ва адолатли қарор қабул қилиши керак доим. Суд парламент, ҳукумат, Президент хоҳишига эмас, қонунларга суяниб иш кўриши керак. Бу қонунлар билан тўла кафолатланган. Энди бундан улар қандай фойдаланаяпти, бунга одамлар ўзи баҳо бериб, муносабатини айтади, айтмоқда ҳам. Мен қонуний йўлини билдираяпман холос.

Ижтимоий тармоқдаги чиқишларингиздан бирида дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматовни билиш лозимлиги ҳақида айтгандингиз. Айтматовнинг қайси асарларини ўқигансиз?

- Деярли барча асарларини ўқиганман. Қайтақайта ўқийдиганим эса “Биринчи муаллим”, “Оқ кема”, “Жамила”, “Алвидо Гулсари”, “Асрга татигулик кун”, “Қулаётган тоғлар” асарлари ва  “Чўққида қолган овчининг оҳи зори” сухбат китоби. Бу китобларда ҳаётнинг кўп қирралари чуқур мазмун билан очиб берилган ва бунда инсон ёруғ оламда бир зарра бўлса ҳам аввало инсон эканлигини билдириб турадиган жиҳатлар кўп. Баъзан асарлардаги қаҳрамонларда ўзимни кўргандек бўламан.

Ўтмиш, бугун ва келажакни чуқур фалсафа билан уйғунлаштиришда муваффақият қозонган адиб Чингиз Айтамов билан кўришиш насиб қилмагани ҳаётдаги катта армонларимдан бири бўлса керак.

Ўқитувчи Ж. Эргашев саволи: Истеъмол саватига оид қонун қабул қилиниши ҳақида анча гаплар бўлди. Бу борада бир ижобий ҳал бўладиган амалий қадамлар қўйиляптими?

- Очиғи, шундай қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш бўйича ҳаракатлар бошланган. Бироқ қайси босқичда эканлигини билмайман. Маълумот учун қонунчилик ташаббуси субъектлари бизда кўп. Менимча, бу лойиҳа ҳукумат томонидан тайёрланиб Қонунчилик палатасига киритилса керак.

Фарғонадан ЎзЛиДеП аъзоси Мақсуд Солижонов саволи: - Депутатлар давлатдан иш ҳақи олади, бошқа жойда ишлаши ёки бизнес билан шуғулланиши мумкин эмас. Аммо, очиғини айтганда, бу ойлик етарли эмас. Саволим шуки, депутат ўзи ва оиласини яхшироқ таъминлаши учун қандай имкониятлар мавжуд?

- Олий Мажлис депутати доимий равишда иш ҳақи эвазига ишлайди. Шу боис, уларнинг илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа даромад келтирадиган ишлар билан шуғулланиши мумкин эмас. Маҳаллий Кенгаш депутатлари эса жамоатчилик асосида. Яъни уларнинг асосий иши бизнес, ўқитувчилик, шифокорлик, қурувчилик ва ҳоказо бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб даромади ҳам. Оилани таъминлаш масаласини ҳам шундан келиб чиқиб ҳал этиш мумкин. Олий Мажлис депутати бўлсангиз, маълум белгиланган миқдорда маош оласиз, маҳаллий Кенгаш депутати бўлсангиз, у ёғи асосий ишингиз қаерда эканлигига боғлиқ. Ушбу фарқдан келиб чиқиб бемалол хулоса қилиш мумкин.

Жавоблар учун раҳмат, жаноб Кушербоев. Фаолиятингизга Sof.uz сайти жамоаси ривож тилайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан