Сицилияда уйлар 1 евродан сотилмоқда

12.05.2019 | Жаҳон | 6197

Италиянинг Сицилия ороли марказида жойлашган Муссомели шаҳарчаси мэри Джузеппе Катания шаҳар тарихий марказидаги уйларни хорижий фуқароларга 1 евродан сотиб олишни таклиф қилди.

Ушбу таклифнинг фақат битта шарти бор – мулкнинг янги эгаси сотиб олинган уйни таъмирлаб яроқли ҳолатга келтириши керак. Хабарда айтилишига кўра, ушбу тадбир шаҳар марказини яшаш учун қулай қилишга қаратилган кампаниянинг бир қисмидир.

Эълон шаҳар маъмурияти расмий сайтида чоп этилганидан сўнг юзлаб хорижий фуқаролардан таклифлар келиб тушган. Сўнгги 3 ҳафта давомида Бельгия, Голландия, Франция, Австралия фуқароларидан 380 та таклифлар келиб тушган.

Шаҳар ҳозирча фақат 100 та қаровсиз уйни савдога чиқарган, келажакда ушбу уйлар сони ошиши мумкин. Маъмурият вакилининг айтишига қарагандан Муссомелида энг кўпи билан 600 та уй сотилиши мумкин.

“Бизнинг шаҳар Сицилиянинг марказида жойлашган. Маҳаллий ўлчамда у анча йирик шаҳар ҳисобланади. Муссомелида 11 киши яшайди, лекин сўнгги йилларда аҳоли сони камайиши кузатилмоқда.Ёшлар иш қидириб катта шаҳарларга кўчиб кетмоқда, шаҳар тарихий марказидаги бинолар эса бўшаб эскириб қолмоқда.

Ушбу вазиятда биз Сицилияни яхши кўрадиган, бу ерга дам олиш учун тез-тез келиб турадиган хорижий фуқароларга бўшаб қолган уйларни рамзий 1 евро қийматида сотиб олишни таклиф қилдик. Кўчмас мулкнинг янги эгаси фақат уйни таъмирлаб яроқли ҳолга келтирса кифоя”, - дейди шаҳар мэри Катания.

Муссомели бой тарихга эга бўлган шаҳар. У 1500 йил олдин пайдо бўлган. Шаҳар тоғли жойда, денгиз сатҳидан 765 метр баландликда жойлашган. Бу ер қишда қуруқ, ёзда 30-32 даража иссиқ бўлади. Халқаро аэропордан 150 км, қирғоқ бўйида жойлашган йирик шаҳарлардан ўртача 50 км масофада жойлашган.

“Биз ўз шаҳримиз билан ғурурланамиз. Бу ер тинч ва қулай яшаш учун яхши жой. Муссомелида криминал маънода ҳам жуда тинч. Ўтган 3 йил давомида бу ерда бирорта ҳам оғир жиноят содир этилмаган. Бир неча ўғирлик бўлган холос”, - дейди шаҳар мэри.

Сицилияда ана шундай ноодатий тадбирлар биринчи марта эълон қилингани йўқ. 2008 йилда Салеми шаҳрида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг шаҳар мэри Витторио Згарби ҳам ана шундай акция эълон қилган эди. Ўшанда исталган кишига зилзиладан зарар кўрган уйларни арзон сотиб олиб қайта тиклаш таклиф қилинган эди.